Ўзбекистон футбол ассосиацияси биринчи вице-президенти ва яқин ўтмишнинг энг яхши ҳакамларидан бири Равшан Эрматов Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашрига катта интервью берди. Эрматов унда ҳакамлик фаолияти, Жаҳон Чемпионатлари, ЎФАдаги фаолияти, терма жамоа, футболчилар ва бошқа кўплаб мавзуларда ўз фикрлари билан ўртоқлашди. «Дарё» мазкур интервьюни ўқувчилар учун ўзбек тилида тақдим этади.
Равшан Эрматов тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланган Жаҳон Чемпионатида уч марта ҳакам сифатида фаолият юритган: ЖАР—2010, Бразилия—2014 ва Россия—2018 да. ЖАРда ўтган мундиалда мезбонлар ва Мексика ўртасида кечган ўша машҳур очилиш ўйинидан бошланиб, ярим финал доирасидаги Уругвай — Нидерландия баҳси билан якунланган бешта учрашувни бошқарган. Битта мусобақа давомида фақат икки ҳакам бундай натижага эришган.
Эрматовнинг мундиаллардаги 11 учрашуви ҳакамлар учун барча даврларнинг энг яхши натижаси ҳисобланади. Шунингдек, унинг ҳисобида клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг иккита финали ва Осиё Кубоги ҳал қилувчи ўйини ҳам бор.
«Мақсадим Жаҳон Чемпионати деганимда, баъзилар мени ақлдан озган деб ўйлаганди»
— Ҳакамликни соғиндингизми?— Албатта, ўзимни бағишлаган севимли ишимни соғиндим. 18 ёшгача футбол ўйнаганман, кейин жиддий жароҳат олиб, бошқа иш қилиш кераклигини тушунганман. Ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаганимда тасодифан бир ўйинни бошқариб беришни сўрашди. Ўшанда учта ЖЧда ишлашимни тасаввур ҳам қила олмасдим. Лекин ўз устимда ишлашни бошладим, қоидаларни ўргандим, ўсишга эришаётганимни ҳис қилганимда, мақсадим мундиал эканлигини айтдим. Ўшанда баъзилар мени ақлдан озган деб ўйлаганди.
— Қайси вақтда Жаҳон Чемпионатида ишлаш мумкинлигига ишончингиз комил бўлди?
— 2000 йилларнинг бошларида. 1997 йилда ҳакамлик билан яқиндан шуғуллана бошладим ва бир неча йил ўтгач, ўзимга ишонч пайдо бўлди. Чет тилларини ўрганишни бошладим, чунки бусиз ҳеч нарса қилиб бўлмасди. Каттароқ ҳамкасбларимга Жаҳон Чемпионатида ҳакамлик қилишимни айтдим. Ҳеч кимдан кам эмасмиз, нега бундай турнирларни орзу қилмаслигимиз керак? 2002 йилда Корея ва Японияда бўлиб ўтган мусобақада ҳакамлар ишини диққат билан кузатиб бордим ва бу ишни уддалай оламан деган ҳис пайдо бўлди.
Жаҳон Чемпионатида ва Ўзбекистонда ҳакамлик қилиш бир-биридан тубдан фарқ қилади деган туйғу йўқ эди. 2003 йилда ФИФА рефериси бўлдим, 2010 йилда эса ЖАРда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатига бордим. Ўзимни узоқ вақт парвозга тайёргарлик кўрган ва ниҳоят орзусини рўёбга чиқарган астронавтдек ҳис қилардим. Кейин яна иккита чемпионатда ишладим. Буларнинг барчасини бошдан кечирганингизда, касбда нимадир тугалланмаган деб ўйлаш ношукурлик бўлади.
— Шунга қарамай, ЖЧ—2022 да ишлаш истагингиз бўлмаганига ишонмайман. Бунга ҳар томонлама тўғри келардингиз. Бунинг устига тарихда ҳеч ким тўртта ЖЧда ҳакамлик қилмаган.
— Ҳа, Россияда бўлиб ўтган мусобақадан сўнг олдимда навбатдаги мақсад: Қатар—2022 турганди. Ёшим ва тажрибам борасида муаммо йўқ эди. Тайёргарликни 2019 йилда Осиё чемпионатида финал билан қўшиб ҳисоблаганда бешта ўйинни бошқариш билан бошлагандим. Агар Осиёда биринчи рақамли бўлсанг, албатта, Жаҳон Чемпионатига чиқасан. Ўша турнир билан ЖЧ—2022 лицензиясини амалда қўлга киритиб бўлгандим, шунчаки савияни сақлаб қолишим керак эди.
Аммо кейин ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшиш таклифи бўлди. Бу катта масъулият эди. Ватанпарварлигимни ҳисобга олиб, қарор қабул қилиш қийин кечди. Тарозининг бир томонида фаолиятим ва навбатдаги Жаҳон Чемпионати, иккинчисида эса кўп ишлар қилиниши керак бўлган ўзбек футболи ривожи ётарди. Ватанга муҳаббат шахсий вазифалардан устун келди.
— Бу икки ролни бир вақтда олиб бориб бўлмасмиди?— Йўқ. Агар сиз миллий футбол федерациясида ишласангиз, халқаро ўйинларда қатнаша олмайсиз, чунки бу манфаатлар тўқнашувидир. Аввалига буни қилиш мумкин деб ўйлагандим, афсуски, иложсиз. Аввалига камида бир марта Жаҳон Чемпионатига чиқиш ва у ерда камида битта ўйин ўтказишни мақсад қилганимни эсладим. Орзуларим ушалди — 3 та чемпионат ва 11 та учрашув. Клублар ўртасидаги ЖЧ, турли ёш тоифасидаги халқаро мусобақалар, Лондон Олимпиадаси ва Осиё чемпионатларини ҳам қўшиб ҳисобласа, ФИФАнинг 16 та турнирида ишлаганман.
— Айтишларича, яқинда сизни Виктор Кашшаи ўрнига Россия ҳакамлик корпуси раҳбарлигига таклиф қилишган.
— Ҳа, шундай гап-сўзлар бўлганди, лекин ассоциацияда иш бошлаганим учун уларни кўриб чиқмадим. Хориждан бир нечта таклифлар бўлганди, лекин бу ватанимга нисбатан нотўғри иш бўларди.
«Ҳакам ўйин қаҳрамони бўлмаслиги керак»
— Жаҳон чемпионати финал босқичининг 11 та ўйинида на пенальти белгилагансиз ва на қизил карточка кўрсатгансиз.— Футболчиларга ўйнашга қўйиб берардим ва доимо тўғри ишлашга ҳаракат қилганман. Марказда ҳуштак чалган нарсамга жарима майдончасида ҳам чалардим. Енгил қоидабузарликларга деярли ҳеч қаерда эътибор бермасдим.
— Қарорларингизнинг тўғрилиги ва ЖЧларда кўп ўйинларни бошқарганлигингиз ўртасида боғлиқлик кўрасизми? Шикоятлар ҳам бўлганми?
— Ҳакам ўйин қаҳрамони бўлмаслиги керак. Унинг вазифаси футбол жамоаларига сифатли хизмат кўрсатишдан иборатдир. Агар ўйиндан кейин сиз ҳақингизда гапиришмаса, демак сиз яхши баҳолагансиз. Ҳеч ким ҳакамни мақтамайди. Одатда ҳакам ҳар бир учрашувда ўртача икки юзтача ўйин эпизодлари бўйича қарор қабул қилиши керак. Агар у камида битта жиддий хатога йўл қўйса, ҳамма бу ҳақида гапиради. Тўғри қарор чиқарилган 199 та вазият эса шунчаки унутилади. Шунинг учун ҳамиша эпизодга яқин бўлишга ҳаракат қилганман, кўп ҳаракат қилардим, тўғри позиция танлашга, ўйин ва футболчиларнинг фикрларини ўқишга ҳаракат қилганман.
«Ўйиндан олдин Роббенни симуляция қилмаслик борасида огоҳлантирганман. Танаффусга эса бир-биримизнинг қўлимизни сиққан ҳолда чиққанмиз»
— Ҳакам сифатида дуч келган энг безори мураббий ким?— Марадона бўлса керак. У жентлмен, шоумен ва тажовузкор ҳам бўлиши мумкин эди — буларнинг барчаси бир ўйинда.
— Сиз ишлаган ўйиндан кейин у сизга миннатдорчилик билдирганми?
— Ҳа. Аргентина ЖЧ—2010 да Германияга 0:4 ҳисобида мағлуб бўлганидан кейин. Жамоаси йирик ҳисобда мағлуб бўлаётган мураббий ҳакамнинг олдига келиб, қўл бериб, ҳакамликда ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтиши жуда ёқимли ҳолат.
— Ҳакамлар симулянт футболчиларни ёқтирмайди. Бу борада сиз учун энг ёқимсиз футболчи ким? Неймарми?
— Неймар ва Арен Роббен. 2014 йилги ЖЧда Нидерландия ва Коста-Рика ўртасида кечган чорак финал ўйинида ишлаганимда Роббен билан шундай ҳолат бўлган. Нидерландлар ўйинини таҳлил қилдим ва Роббен тез-тез симуляция қилишга уринганини кўрдим. У буни жуда мукаммал амалга оширарди, ҳакамлар аксарият ҳолларда унга ишонарди. Ўйиндан олдин туннелда унга шундай дедим: «Арен, олдинги ўйинларингни кўрдим, уларнинг ҳар бирида бир-икки марта симуляция қилибсан. Сен топ футболчисан, сени ёшлар кузатяпти. Кел, бугун бусиз ишлайлик».
Ўйин давомида уни диққат билан кузатдим, доимо унга яқин масофада бўлишга ҳаракат қилдим. Биринчи бўлим тугагач, Роббен юзида табассум шундай жавоб берди: «Реф, бир неча марта муғомбирлик қилишга ҳаракат қилдим, лекин ҳар сафар ёнимда эканлигингизни кўрдим». Ҳаттоки, биз қўл бериб, қучоқлашиб, кулишиб майдондан чиқиб кетаётганимизда олинган сурат ҳам бор. Қолган вақтда эса у бирор марта ҳам симуляция қилишга уринмади.
— ЖЧ—2010 да ярим финал, ЖЧ—2014 да чорак финалга қадар етиб боргансиз. Нега ЖЧ—2018 да фақат гуруҳ босқичидаги иккита ўйинда ишлагансиз?— Ўша чемпионатда ёрдамчим жароҳат олганди, унинг ўрнини босадиган ҳеч ким бўлмаган. Албатта, ачинарли ҳолат. Жаҳон Чемпионатининг ҳар бир ўйини бир умрга сиз билан қолади. Аммо 2018 йилги ЖЧдан кейин 2019 йилги Осиё чемпионатида ишлаганмиз, у ерда ҳам ёрқин хотиралар қолган.
— Ҳакам сифатида хайрлашув учрашувини бошқарганмисиз?
— Ҳали улгурмадим. Лекин буни амалга ошириш мумкин. Ассоциацияда юқори савияда ўйнаган, шунингдек, хайрлашув учрашувларини ташкил этмаган бир қанча собиқ футболчилар ишлайди. 2022 йилда ўзбек футболи 110 ёшга тўлади. Ушбу тадбир учун ўйин ташкил қилмоқчимиз, бу бир пайтлар Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаган кўплаб собиқ футболчиларнинг хайрлашув учрашуви бўлади. Балки унда мен ҳам қатнашиб, ҳуштак билан расман хайрлашарман. Аммо ҳозирча буларнинг барчаси музокаралар босқичида.
— Ҳакам сифатида нима билан фахрланасиз?
— Майдонда «милиционер» бўлмасликка ҳаракат қилардим, футболни яхшилашга ёрдам берадиган одам бўлишни истаганман. Эсингизда бўлса, авваллари тажовузкор, жаҳлдор ҳакамлар кўп бўларди. Мен эса доим табассум билан ишлашга ҳаракат қилдим. Бутун кўринишим билан шундай демоқчи бўлардим: «Дўстим, сариқ карточка сен учун маълумотдир. Эҳтиёт бўл». Ҳакамликка ёндашувни ва футболчиларнинг ҳакамларга бўлган муносабатини бироз ўзгартира олганимдан фахрланишим мумкин. Ўзаро ишонч ва ҳурмат бор эди, чунки биз биргаликда футболни яхшилашни хоҳлаймиз.
«Абдусалом Азизов юқори лавозим ва иш билан банд бўлишига қарамай, деярли ҳар куни футболга вақт ажратади»
— Ҳакамликдан функционерликка ўтишдаги энг қийин ва эҳтимол, ёқимсиз нарса нима?Буни ёқимсиз деб айтмаган бўлардим. Энг қийини, авваллари, фақат ўз ишим учун масъул бўлсам, энди ҳамкасбларим билан биргаликда мамлакатимиз футболи ривожи учун. Бу жуда катта масъулият. Шундай бўладики, жамоа мағлуб бўлгач, мухлисларнинг эътирозларини эшитишга тўғри келади (ЖЧ—2022 саралаш босқичи бошида Фаластиндан сафарда учралган мағлубиятдан сўнг ҳатто Эрматов юрак хуружига учрагани айтилади — «Спорт-Экспресс»). Ўзбекистон чемпионатида ҳакамлар хатога йўл қўйса ҳам, танқидга сабаб бўлади. Лекин биз доимо бунга тўғри муносабатда бўлишга ҳаракат қиламиз, ўз ишимизни таҳлилий ва тизимли равишда ривожланишга йўналтирамиз. Футболда ҳамма хато қилади, асосийси ўша хатоларни такрорламаслик.
— Дунёда ҳакамлар етакчилик қиладиган бошқа федерациялар ҳам борми?
— Ҳа, масалан, Швеция ва бошқа бир қанча давлатлар. Октябрь ойида улар билан ўртоқлик учрашуви ўтказдик, Швеция федерацияси президенти билан танишдик. У, шунингдек, собиқ ФИФА рефериси ҳамдир. Ҳакамлар тартибли, интизомли инсонлар бўлади, бундай ишларда бу сифатлар қадрланади.
— Нега танлов сизга тушган?
— Халқимиз футболни севади, футбол бизнинг биринчи рақамли спортимиз. Кўп нарсаларни профессионал даражага қўйиш керак. Замонавий инфратузилмани ривожлантириш, мураббийлар малакасини ошириш, болалар футболини тизимли ривожлантиришга жиддий ёндашишимиз керак. Балки футбол жамоатчилигимиз буни амалга оширишни аниқлаш учун халқаро ва маҳаллий даражада тажриба ҳамда алоқаларга эга эканлигимни билгандир. Ўз зиммасига олмаслик ва юксак ишончни оқлашга уринмаслик иложсиз эди.
— Сиз биринчи вице-президентсиз, барча оператив фаолият учун жавобгарсиз. Ассосиация президенти, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов бу ишга қанчалик яқин?
— Юқори лавозим ва иш билан банд бўлишига қарамай, деярли ҳар куни футболга вақт ажратади. У футболни жуда яхши кўради ва тушунади, ўз вақтида «Ўзбекнефтгаз» раҳбари сифатида «Машъал» клубида мамлакатдаги биринчи футбол академиясини ташкил этган, унинг тарбияланувчиларидан бири Элдор Шомуродовдир. Абдусалом Абдумавлонович клубни ривожланишнинг янги босқичига олиб чиққан.
Асосий масалаларда доимо унинг фикрини тинглайман. Яна бир вице-президентимиз — Одил Аҳмедовни ҳам Россия футболида ҳамма билади. Ҳар доим айтганман, жамоа яхшиланишни истаса, энг яхши ўйинчиларни олади. Шундай бўлганидек, ассосиациямиз Одил Аҳмедов билан кучайди. Унинг Россиядан Хитойгача бўлган кўплаб мамлакатлардаги улкан тажрибаси бизга асқатади. Бундан ташқари, Аҳмедовнинг болалар академияси мавжуд бўлиб, у мактабида ҳам замонавий профессионал ишларни олиб боради.
— Бир пайтлар «ўзбек Мессиси» деб аталган, «Локомотив Москва»га ўтиши шов-шувларга сабаб бўлган Жасур Жалолиддинов ҳолати қандай?— Жасур ҳақиқатан ҳам жуда иқтидорли футболчи, лекин назаримда, у ҳам жисмонан, ҳам руҳий жиҳатдан кучли бўлиши керак эди. Россиядаги футбол ўзи ўрганганидан бошқачароқ, анча қаттиқ ва зич. Ўтган мавсумни «Андижон»да ўтказган бўлса, ҳозир Олмаотанинг «Қайрат»ида Қурбон Бердиев қўл остида ўйнамоқда. Мураббий унга ишонмоқда, у ҳақида ижобий фикрлар билдирмоқда. Ҳозирча ҳар доим ҳам асосий таркибга тушаётгани йўқ. У улкан салоҳиятга эга, фақат ўзини аямасдан ишлашда давом этиши зарур.
— Лионель Месси ва Криштиану Роналду Тошкентга келган экан. Бу қандай содир бўлган?
— Бу Ўзбекистонда футболни оммавийлаштириш учун қилинган ишлар эди. Месси, Роналду ва бошқа кўплаб жаҳон футболи юлдузлари бу ерда маҳорат дарсларини ўтказган. Йигитларимиз уларнинг ҳам оддий одам эканлигини, футболда ҳамма нарсага эришиш мумкинлигини ҳис қилишлари учун федерация бу тадбирларни ташкил қилган. Улар билан учрашувларда ёшлар жамоалари ҳам бўлган, матбуот анжуманлари ташкил этилган, академияларда юлдузлар ёш футболчиларимиз билан учрашган.
— «Бунёдкор»га Зико ва Сколари мураббийлик қилган, Ривалдо ўйнаган даврлардан фарқли ўлароқ, ҳозирги ўзбек футболини бой деб бўлмайди.
— Бундай демаган бўлардим. Аммо пул бўлганда ҳам ундан оқилона фойдаланиш керак. Биринчидан, инфратузилмани тартибга солиш, мураббийлар малакасини ошириш, болалар футбол академияларини ривожлантиришга сармоя киритиш керак. Шунда ўсиш бўлади, барқарорлик ва натижалар келади. Агар пул фақат катталар жамоаларига сарфланса, унда «пастдагилар»нинг ривожланиши учун маблағ етмай қолади. Ҳамма нарсани тўғри ташкил қилишимиз керак, шунда қандайдир мусобақаларга тасодифан чиқиб қолиб, кейин яна 25 йилга ғойиб бўлиб қолмаймиз.
«Бизда ўнлаб Қосимовлар, Аҳмедовлар, Шомуродовлар бўлиши керак»
— Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ саралашида узоқ вақтдан бери илк марта учинчи босқичга чиқа олмади. Нима бўлди ўзи?— Футбол ассоциацияси бу қониқарсиз натижа жавобгарлигини ўз зиммасига олади. Жароҳатлар ёки бошқа сабабларни рўкач қилиб бўлмаслигини яхши тушунамиз. Тан олиш керак, узоқ йиллардан буён шундай натижага қараб келаётгандик. Афсуски, терма жамоага ўйинчилар танлаш имконияти чекланган. Катта ўйинчиларнинг етишмаслиги сифатли мураббийларнинг етишмаслигидан, юқори малакали мураббийларнинг етишмаслиги эса ўз навбатида, сифатли мураббийлик таълимининг йўқлиги натижасидир.
Ўзбекистондек давлатда терма жамоадаги ҳар бир ўрин учун камида 5—6 нафар футболчи кураш олиб бориши керак. Афсуски, футболчилар ўртасида етарлича рақобат йўқ. Шу боис нафақат мураббийлар штабида ўзгаришлар қилдик, балки чуқурроқ нарсаларда – мураббийлик таълими, болалар футболи, умуман, ташкилий жиҳатдан кўп нарсани қайта кўриб чиқдик.
Мавзуга доир: «Натижа кўриш учун камида 10–15 йил кутиш керак». ЎФА 2022 йилги режаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказди
— Терма жамоани саралаш босқичида бошқарган Вадим Абрамов ўрнига словениялик Сречко Катанец тайинланди. Нега айнан у?— Биз Катанецни яхши ўрганиб чиқдик. У катта тажрибага эга – Словенияни Жаҳон ва Европа чемпионатларига олиб чиққан, Осиё футболини яхши билади, БАА ва Ироқ терма жамоаларига устозлик қилган. Жуда принципиал ва талабчан мураббий, чинакам профессионал штабга эга — ёрдамчилардан тортиб то физиотерапевтларгача. Номзодлар кўп эди, лекин мураббийлар кенгаши уни танлашга қарор қилди.
— Абрамовга қадар терма жамоани аргентиналик машҳур Эктор Купер бошқарган. У жамоани Осиё чемпионатининг 1/8 финалига олиб чиққанди. 2022 йилги ЖЧ саралашнинг биринчи ўйинида, Ўзбекистон Фаластиндан мағлуб бўлгач, ишдан бўшатилди.— Мураббийлар кенгашимизга кўра, Купер терма жамоага қўймоқчи бўлган ўйин ўзбек футболи менталитетига тўғри келмайди. Футболчиларга унинг талабларига мослашиш қийин бўлди. Аксарият учрашувларда Купер ўйинни ҳимоядан қуришга ҳаракат қилди. Бу жамоатчиликка, мутахассисларга, футболчиларнинг ўзига ҳам ёқмади. Шу боис, мураббийлар кенгаши таклифига кўра, у билан шартномани бекор қилишга қарор қилинди.
— Энг машҳур футболчингиз Элдор Шомуродов терма жамоада қандай ўйин кўрсатади?
— Яхши. Албатта, Европанинг кучли бешлик чемпионатларидан бирида тўп сурган биринчи футболчимиз терма жамоа ва унинг мухлисларининг умиди, у ҳар доим бизнинг қутқарувчимиз бўла олади. Мунтазам равишда терма жамоа сафида гол уриб келмоқда – яқинда ўтказилган «Наврўз Кубоги»да Қирғизистон ва Угандага қарши иккита ўйинда тўртта гол урди. Мураббийлар штаби ва жамоатчилик ундан мамнун.
— «Ювентус»дан 3:4 ҳисобида учралган мағлубиятдан сўнг «Рома» бош мураббийи Жозе Моуриньонинг Шомуродовни шахсан танқид қилгани сизни хафа қилдими?
— Ҳа. Мураббий ўз ўйинчиларини ошкора танқид қилиши тарафдори эмасман. Менимча, бу жамоанинг ичида рўй бериши керак.
— Шомуродов йўлини такрорлай оладиган ўзбек йигитлари борми?
— Уларнинг сони кўп, лекин номларини айтмоқчи эмасман. Ҳамма мақтовни яхши кўради, лекин мақтов бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетиши керак. Агар каллада қолиб кетса, унда бу оёқларнинг ердан узилишига олиб келади. Шунинг учун буни жуда эҳтиёткорлик билан қабул қиламан. Ҳақиқатан ҳам бирор нарсага эришганларида мақташга вақтимиз бўлади.
Ўзбек футболининг салоҳияти бўйича бизда ўнлаб Қосимовлар, Аҳмедовлар, Шомуродовлар, Машариповлар бўлиши керак. Сўнгги йилларда болалар ва ёшлар билан ишлашни шундай йўлга қўйишга ҳаракат қиляпмизки, беш йилдан сўнг юқори лигаларда Ўзбекистондан кўплаб футболчиларни кўрасиз. Ҳозирда Элдор ҳақида ҳужжатли фильм суратга оляпмиз, бу кўплаб ёш футболчиларимизга илҳом бериши керак.
— Ёш иқтидор эгаларидан бири Остон Ўрунов «Спартак»да ўйнаб кета олмади. Бунга нима сабаб деб ўйлайсиз?
— Ўрунов ҳали ёш ва ўйлайманки, катталар даражасидаги Россия чемпионати унга жангчи характерини шакллантиришга ёрдам беради. Енгил жароҳати бор кўплаб футболчилар жамоага кераклигини тушуниб, майдонни тарк этмайди. Ўйлайманки, вақт ўтади ва Остон унга катта умид боғланганини тушунади. Бироқ қатор жароҳатлар унга доимий ўйин амалиётига эга бўлишга имкон бермаяпти.
Ўзбекистонлик ёш футболчиларга етишмайдиган яна бир жиҳатга тўхталиб ўтмоқчиман. Шахсан мен руҳшунослар билан ишлашни зарур деб биламан. Жаҳон Чемпионатларига тайёргарлик кўраётган ҳакамлар доимо шундай қилади. 2010 йилда бизга испаниялик икки малакали руҳшунос жуда катта ёрдам берди. Очилиш ўйинига тайёргарлик жараёнида улар билан ниҳоятда қизғин иш олиб борганмиз.
— Федерацияга, Ўзбекистон терма жамоасига руҳшуносни жалб қилмоқчимисиз?
— Терма жамоага келсак, буни доим мураббийлар штаби ҳал қилади. Агар бош мураббий руҳшунос зарур деб топса, қидирамиз, албатта. Ёшлар даражасида ҳозир бизда руҳшунослар ишламоқда. Яна бир нарса шундаки, малакали спорт психологлари жуда кам. Бундай мутахассис ўйинчи, ҳакам ўйин олдидан ўзини қандай ҳис қилишини, ҳаяжон қўрқувга айланиб қолмаслиги учун уни қандай енгиш кераклигини тушуниши керак. Бизда иқтидорли, аммо психологик жиҳатдан беқарор футболчилар кўп. Шунинг учун ҳам халқаро майдонда ҳеч нарсани кўрсата олмаймиз.
Изоҳ (0)