Коррупцияга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Тошкент вилоятида бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.
Жумладан, Мажбурий ижро бюросининг Қибрай туман бўлими давлат ижрочиси фуқаронинг кредит қарздорлиги сабабли хатловга олинган мол-мулкини аукцион савдоларга чиқармаслик ҳамда унга нисбатан ўзининг иш юритувида бўлган ижро ишини тугатиб бериш эвазига 5 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 2 минг доллар олган ва қолган 3 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозир давлат ижрочисига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зангиота туманида Солиқ инспекциясининг шўба бошлиғи вазифасини бажарувчи шахс қурилиш моллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган оилавий корхонанинг фаолиятига раҳнамолик қилиш ва 1 йил давомида текширув ўтказмаслик эвазига 1200 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама” чегара божхона пости инспектор-суриштирувчиси тақиқланган товарларни тадбиркор томонидан Ўзбекистонга олиб кириш бўйича содир этилган ҳуқуқбузарликни судда кўриб чиқилиш жараёнида мансабдор танишлари орқали унга енгиллик яратиш ва ушбу товарларни Ўзбекистондан қайтариб олиб чиқиб кетишида ёрдам бериш эвазига 1000 доллар олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида божхона инспектори мазкур масалада кўмаклашиш учун муқаддам 300 доллар олганлиги ҳам маълум бўлди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Аввалроқ Қашқадарё, Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида адвокатларнинг ноқонуний қилмишлари фош этилгани хабар берилганди.
Изоҳ (1)
MIB ni tugatish kerak butunlay