Владимир Зеленский америкалик ҳамкасби билан Украинада ишлаб чиқарилган дронларни сотиб олиш бўйича келишувга эришганини маълум қилди. Украиналиклар етакчиси мазкур келишув қийматини 10 миллиард доллардан 30 миллиард долларгача баҳолаш мумкинлигини айтди.

Бу ҳақда Зеленский илгари эълон қилган “win-win” битими ортидан маълум қилинди. Унга кўра, Вашингтон Украина дронларини сотиб олади, эвазига Киев АҚШ қуролларига эга бўлади.
Келгусида шартномаларни Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров, мудофаа вазири Денис Шмигал ва президент маслаҳатчиси Александр Камишин назорат қилади.
Европа билан ҳамкорлик
Зеленскийга кўра, Украина қурол-яроғ ишлаб чиқаришнинг айрим йўналишларини хорижга кўчириш устида ишламоқда. У бу борада Дания, Норвегия ва Германия билан музокаралар олиб борилаётганини таъкидлади.
“Масалан, Дания узоқ масофага учувчи дронлар учун ишлаб чиқариш линияларини жорий қилади. Улар қўшимча молиявий ресурслар беради — 100, 200 ёки 300 миллион. Бу дронлар уруш даврида бизга етказиб берилади”, деди Зеленский.
Украина президентининг айтишича, лойиҳа хусусий сектор билан 50/50 ҳамкорлик асосида амалга оширилади. Урушдан кейин эса Дания бу дронларни ўз армияси учун захира сифатида сақлайди.
Режалар
Украина 2025 йилда узоқ масофага учувчи 30 минг дрон ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Хусусан Paliantsia ва Peklo каби гибрид ректа-дронлари ўзининг юқори аниқлиги билан халқаро доираларда қизиқиш уйғотган.

Якуни кўринмаётган уруш мамлакатни янги лойиҳалар ва моделлар устида ишлашга ундамоқда. Бу Киевни мазкур тармоқ етакчиларидан бирига айлантирди. Реал жангларда синовдан ўтган технологиялар ўз қуролли кучларини арзон ва кўп сонли дронлар билан таъминлаш ғамида юрган Қўшма Штатларнинг манфаатларига ҳам мос келади.
Изоҳ (0)