Бугун, 17 декабрь куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси ташаббускори Олий суд, маҳкама номидан Олий суд суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов депутатларга чиқиш қилди. Унинг айтишича, қонун лойиҳаси, Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 10 июндаги фармони ижросига бағишланган.
Ушбу фармонга кўра, тергов судьясига қатор санкциялар ва мажбурлов чоралари қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколатини бериш назарда тутилмоқда.
Фармонда жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритиш даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида, вилоят ва унга тенглаштирилган суд судьялари томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши, шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларини кўриб чиқиш ваколати берилиши назарда тутилмоқда, деди Икром Муслимов.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинганидан кейин, спикер Нуриддин Исмоилов қонун ташаббускори вакилига лойиҳани кеч киритгани учун эътироз билдирди.
Тергов судьяси ташаббуси июнь ойида пайдо бўлган. Лекин сизлар янги йилга, биринчи январга 12 кун қолганда бизга киритяпсизлар. Шунча вақт ўтди, 1 январдан кучга кириши керак. “Буни қабул қилиб беринглар”, деяпсизлар. Шунинг учун, илтимос бўлади, олдинроқ киритсангизлар, бизга ҳам осон, ҳам тўғри бўларди. Ҳали қўмита келгуси ҳафтагача лойиҳа устида ишлаши керак. Битказсак ҳам, Сенатга киритиш масалалари бор, деди Нуриддин Исмоилов.
Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга ва жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида ҳам шахс суд ҳимояси остида бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Изоҳ (0)