Суриянинг Ҳалаб, Идлиб, Ҳама, Дамашқ ва Раққа шаҳарлари, агар тинчлик шартлари бошқача бўлганида, Биринчи жаҳон уруши натижаларига кўра, Туркия таркибидаги провинциялар марказларига айланарди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу ҳақда баёнот берди.
Биринчи жаҳон уруши минтақамиз чегараларини қайта кўриб чиққанида, шароит бошқача бўлганида нима бўларди? Биз Ҳалаб, Идлиб, Ҳама, Дамашқ, Дамашқ ва Раққа деб атайдиган шаҳарлар бизнинг Антеп, Ҳатай ва Урфа каби провинцияларимиз бўлиши мумкин эди. Бу шаҳарлар чегараларимиздан ташқарида бўлгани учунгина у ерда яшовчи одамлар билан алоқаларимизни бутунлай узмоқчи эмасдик, деди Эрдўғон.
Суриянинг Ҳалаб, Идлиб ва Раққа шаҳарлари Туркия чегарасига яқин, Ҳама ва Дамашқ эса мамлакат ичкарисида жойлашган. Туркиянинг Газиантеп (илгари Антеп), Шонлиурфа (илгари Урфа) ва Ҳатай шаҳарлари, ўз навбатида, Сурия чегараси яқинида жойлашган.
Суриядаги вазият
Ноябрь ойи охирида қуролли исёнчилар Сурия шимолий қисмига юришни бошлади. Улар Идлиб вилоятини, мамлакатдаги аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳалаб шаҳрини, Ҳама ва Хомс вилоятлари ҳудудларининг бир қисмини ўз назоратига олди. Шундан сўнг Дамашққа кирди.
Президент Башар Асад оиласи билан мамлакатни тарк этди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Башар Асад исёнчилар билан келишувга эришиб, истеъфога чиқишга рози бўлгани, шундан кейин Сурияни тарк этгани ҳақида маълумот берди. Исёнчилар Асадни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилган.
Сиёсатчи мамлакатни тарк этганидан кейин исёнчилар Асад қароргоҳига бостириб кирган, одамлар буюмларни талон-торож қилган. Қароргоҳдаги гаражда BMW, Audi, Ferrari, Lamborghini Diablo каби 50 га яқин ҳашаматли ва қимматбаҳо автомобиллар аниқланган.
Кечроқ Кремлдаги манбалар Суриядан қочган президент оиласи билан Москвага келгани, Путин уларга бошпана берганини маълум қилди.
10 декабрь куни Идлиб шаҳрида қўзғолончиларга раҳбарлик қилган Муҳаммад ал-Башир ўзини Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинлади. У фуқароларга қарата қилган телевидениэ мурожаатида бу лавозимни камида 2025 йил 1 мартгача эгаллаб туришини маълум қилди.
Изоҳ (0)