Туркияда 50 та давлат ҳарбий хизматчилари иштирокида EFES-2024 ҳарбий машғулотлари бошланди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон машғулотларни шахсан кузатиб, у ҳеч бир давлатга қарши қаратилмаганини айтди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
“Туркия қуролли кучларининг EFES-2024 машқлари ҳеч бир давлатга қарши қаратилмаган. Улар тинчликпарвар операцияларга йўналтирилган умумий сценарий бўйича амалга оширилмоқда”, — деди Туркия президенти.
Машғулотлар Туркиянинг Измир провинциясида бўлиб ўтмоқда. EFES-2024 кўп миллатли машғулотлар бўлиб, унда жами 11 минг ҳарбий хизматчи, шу жумладан, 50 та давлатдан 1,5 мингдан ортиқ ҳарбийлар иштирок этмоқда.
Эрдўғоннинг таъкидлашича, Туркия ўз манфаатларини ҳурмат қилган ва у билан ҳамкорликка интилаётган барча давлатлар билан мулоқотга, алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр. У Туркиянинг мудофаа саноатидаги муваффақиятларига ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, 2023 йилда саноат томонидан 185 давлатга 5,5 миллиард долларлик 230 турдаги маҳсулот экспорт қилинган.
“Шу даврда 10 миллиард 240 миллион долларлик янги шартномалар имзоланди”, — деди сиёсатчи.
У Туркия Сурия шимоли ва Ироқдан келаётган террорчилик таҳдидига қарши туришда давом этишини қўшимча қилди.
“Туркия ўзининг ҳудудий яхлитлиги ва халқининг хавфсизлиги ҳақида гап кетганда ҳеч қандай таҳдидга бош эгмайди. Биз аввалгидек ҳеч иккиланмасдан терроризмга қарши курашда қатъий чоралар кўришга тайёрмиз”, — деди у.
Изоҳ (0)