Беларуснинг Ми-24 вертолёти Украина томон учаётган Россиянинг “Гербер” зарба берувчи дронини уриб туширди. Бу ҳақда Украина разведкаси маълум қилди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 12 июль куни юз берган. Уриб туширилган дрон қолдиқлари Гомел вилояти ҳудудига қулаган. Нишон Ми-24 вертолёти томонидан йўқ қилинган. Экипаж ҳаво ҳудудини назорат қилиш пайтида дронни аниқлангани ва йўқ қилгани ҳақида хабар берган.
Манбаларга кўра, Беларусь осмонида ўша пайтда Россиянинг камида учта дрони бўлган. Россия 12 июлга ўтар кечаси Украинага энг йирик авиаҳужумни амалга оширган. Унда 623 та авиатехника, жумладан, 597 та дрон ва 26 та Х-101 қанотли ракеталари иштирок этганди.
Ўшанда Украина ҳаво мудофааси 602 та нишонни, шунингдек, 319 та дрон ва 25 та Х-101 қанотли ракеталарини уриб туширган. Ҳарбий техникаларнинг аксарияти Украина ғарбига қараб учаётган бўлган. Россия ҳужуми оқибатида Лвов, Черновец, Луцк ва бошқа шаҳарларда вайронагарчиликлар қайд этилган.
Россия Украинага қарши Гербер дронларидан оммавий равишда фойдаланмоқда, улар жанговар қисмни ташиш ва радиоэлектрон разведка қилиш қобилиятига эга. Дрон Хитой двигатели, АҚШ, Швейцария ва Нидерландия томонидан ишлаб чиқилган чиплар билан жиҳозланган.
Изоҳ (0)