Мадриднинг “Реал” клуби ёзги трансфер ойнасида бир нечта футболчилар билан хайрлашишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Испаниянинг Cadena Ser нашри хабар берди.

Манбага кўра, жамоани тарк этиши мумкин бўлган футболчилар рўйхатида марказий ярим ҳимоячи Дани Себальос ҳам бор. Ҳозирча у бу борада бош мураббий Хаби Алонсо билан суҳбат ўтказмаган, бироқ унинг “Реал”даги келажаги ноаниқ қолмоқда.
Шунингдек, ҳужумчилар Эндрик ва ёш истеъдод Гонсало Гарсиянинг ҳам жамоадан кетиши эҳтимоли мавжуд. Олдинги чизиқда кучли рақобат шаклланганлиги сабабли, клуб уларни бошқа жамоаларга ижарага бериш ёки бутунлай сотиш вариантларини кўриб чиқмоқда.
Бундан ташқари, бош мураббий Алонсо бразилиялик қанот ҳужумчиси Родриго Гоэсни кейинги мавсум режаларига киритмаган. Манбага кўра, Англия Премер Лигасининг бир нечта жамоалари унга қизиқиш билдирмоқда ва футболчининг “Реал”ни тарк этиш эҳтимоли юқори. Родриго Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида етарлича ўйин амалиётига эга бўлмади. Бу омил унинг кетишига асосий сабаб бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)