Лондоннинг “Челси” клуби Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ярим финалида Бразилиянинг “Флуминенсе” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақанинг финал босқичига йўл олди. Шу билан бирга, клуб молиявий жиҳатдан ҳам катта фойда кўрди — “кўклар” ҳозиргача 110 миллион доллар даромад олган. Бу ҳақда америкалик журналист Бен Жейкобс ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.

Манбага кўра, агар “Челси” финалда ҳам ғалаба қозонса, умумий даромади 120 миллион долларга етади. Бонуслар ҳисобга олинганда, мусобақада бир жамоанинг максимал даромади 125 миллион долларга етиши мумкин.
Маълумот учун, “Челси” ушбу турнир финалига учинчи бор йўл олмоқда. Лондон клуби илк бор 2012 йилда мусобақанинг ҳал қилувчи босқичида иштирок этган ва Бразилиянинг “Коринтианс” клубига 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган эди. 2021 йилда эса иккинчи бор финалда қатнашиб, “Палмейрас” устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
Эслатиб ўтамиз, “Челси” финалда 9 июлдан 10 июлга ўтар кечаси бўлиб ўтадиган “ПСЖ” – “Реал Мадрид” жуфтлигининг ғолиби билан куч синашади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади.
Изоҳ (0)