Россия ҳарбийлари “Ҳамкорлик-2025” ўқув машғулотларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Ўқув машғулотлари 15—21 июль кунлари “Термиз” полигонида бўлиб ўтади. Бўлинмалар ҳарбий ва махсус техника колонналари таркибида полигонга марш уюштирган. Улар Тожикистон ва Ўзбекистон тоғлари бўйлаб 300 километрдан ортиқ масофани босиб ўтган.
Шахсий таркиб БТР-82А зирҳли транспортёрлар, “Урал” автомобиллари ва “КамАЗ” базасидаги махсус техникалар ёрдамида баланд тоғли йўллардаги кўтарилиш ва тушиш йўлларини муваффақиятли босиб ўтган, дейди Россия Мудофаа вазирлиги.
Ҳарбий бўлинмалар қуйидаги жанговар ҳаракатларни машқ қилади:
- чегара ҳудудларига ноқонуний қуролли тузилмалар (НҚТ) кириб келган тақдирда уларни аниқлаш ва йўқ қилиш ҳамда бўлинмаларни бошқариш;
- НҚТ гуруҳлари чегара яқинидаги иншоотлар ва позицияларни эгаллаган ҳолатда уларни йўқ қилиш бўйича қўмондонликни бошқариш;
- бўлинмаларининг душман эгаллаб олган иншоотлар ва позицияларни қайта эгаллаши;
- душманнинг кичик гуруҳларига қарши кураш олиб бориш;
- шунингдек, жангарилар томонидан босиб олинган аҳоли пунктини штурм қилиш ва тозалаш амалиётини ташкил этиш.
Россия ҳарбий контингентининг асосий қисмини Марказий ҳарбий округнинг 201-ҳарбий базаси бўлинмалари ташкил этади. Улар таркибига тоғ ва штурм бўлинмалари, радиоэлектрон кураш бўйича мобил гуруҳлар, разведка ва ФПВ дронлари билан ишлайдиган гуруҳлар, Ми-24 зарба берувчи вертолётлари экипажлари киради.
Тожикистонда жойлашган 201-ҳарбий база Россиянинг ўз ҳудудидан ташқаридаги энг йирик ҳарбий объекти ҳисобланади. У Душанбе ва Бохтар шаҳарлари ҳудудида жойлашган. Унинг таркибига мотоўқчи, танк, артиллерия, разведка бўлинмалари, ҳаво ҳужумидан мудофаа, радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя ҳамда алоқа бўлинмалари киради.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари май ойида 2026—2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолаган эди.
Изоҳ (0)