Тошкент метросининг Ерусти ҳалқа йўли йўналишидаги “Қурувчилар (12-бекат)—Янгиобод (6-бекат)” бекатлари оралиғида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилади.

Метрополитен матбуот хизматининг маълум қилишича, Ерусти ҳалқа йўли йўналишидаги 14 та бекатдан иборат “Технопарк – Қипчоқ” бекатлари ва бекатлар оралиғи бир неча йилдан буён йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, янги қурилган метро йўналишларида метро поездлар ҳаракати ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида, ерусти эстакадалари ва бекатлари маълум муддат фойдалангандан сўнг, режали профилактик ишларни амалга ошириш лозим.
Шу муносабат билан “Технопарк—Қипчоқ” бекатлари оралиғида босқичма-босқич 3 ой муддатга мўлжалланган режали профилактик ишлар амалга оширилмоқда. Режали профилактик ишларни кейинги навбатини амалга ошириш учун 28 июндан бошлаб, “Қурувчилар (12-бекат)—Янгиобод (6-бекат)” бекатлари оралиғида метро поездлар ҳаракати тўхтатилади.
Йўловчиларга ноқулайлик туғдирмаслиги учун “Қипчоқ–Янгиобод–Қипчоқ” метро бекатлари оралиғида бепул хизмат кўрсатувчи катта сиғимли автобуслар — метробус ҳаракати йўлга қўйилади. Ушбу автобусларнинг кунлик иш вақти соат 05:00 дан 23:00 гача амалга оширилади.
Режали профилактик ишлар амалга ошириш учун 8 июндан иккита бекат – Турон (13-бекат) – Қипчоқ (14-бекат) бекатлари оралиғида метро поездлар ҳаракати тўхтатилганди. Қипчоқ–Қурувчилар–Қипчоқ метро бекатлари оралиғида бепул хизмат кўрсатувчи катта сиғимли автобуслар ҳаракати йўлга қўйилганди.
Изоҳ (0)