Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг 3-туридан ўрин олган яна икки учрашув бўлиб ўтди. Мусобақанинг Г гуруҳи доирасидаги сўнгги икки баҳс — “Ювентус” – “Манчестер Сити” ҳамда “Видад” – “Ал-Айн” жамоалари ўртасида кечди.

АҚШнинг Орландо шаҳридаги “Кемпинг Уорлд” стадионида Англия вакили “Манчестер Сити” ва Италия клуби “Ювентус” тўқнаш келди. Голларга бой ўйинда “шаҳарликлар” 5:2 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Ҳисоб 9-дақиқада очилди — “Сити” аъзоси Жереми Доку чиройли гол уриб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Орадан икки дақиқа ўтиб, “Ювентус” ярим ҳимоячиси Тюн Копмейнерц ҳисобни тенглаштирди. 26-дақиқада эса туринликлар ҳимоячиси Пер Калулу автогол муаллифига айланди — “Сити” яна олдинга чиқди.
Иккинчи бўлимда “Манчестер Сити” тўлиқ устунлик қилди. 52-дақиқада Эрлинг Ҳоланд, 69-дақиқада Фил Фоден ва 76-дақиқада Савиньо томонидан урилган голлар жамоа устунлигини мустаҳкамлади. “Ювентус” сафида эса Душан Влаҳович ҳисобни қисқартирган ягона футболчи бўлди — 5:2.
Ушбу натижадан сўнг “Манчестер Сити” гуруҳ босқичини 9 очко билан якунлаб, 1-ўринни эгаллади ва 1/8 финал йўлланмасини қўлга киритди. “Ювентус” эса 6 очко билан 2-ўринни эгаллаб, кейинги босқичга йўл олди.
Г гуруҳи доирасидаги яна бир учрашув Вашингтон шаҳридаги “Audi Филд” стадионида бўлиб ўтди. Унда Марокашнинг “Видад” клуби БАА вакили “Ал-Айн”га қарши майдонга тушди. Учрашувда 2:1 ҳисобида амирликлар жамоаси ғалаба қозонди.

Учрашувнинг 4-дақиқасида “Видад” футболчиси Кассиус Майлула ҳисобни очди. 45+1-дақиқада “Ал-Айн” ҳужумчиси Кожо Лаба пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди. 50-дақиқада ярим ҳимоячи Како томонидан урилган гол БАА клубига 2:1 ҳисобида ғалаба олиб келди.
Шунга қарамай, “Ал-Айн” гуруҳ босқичини 3 очко билан якунлаб, 3-ўринда қолди ва турнир билан хайрлашди. “Видад” эса бирорта ҳам очко тўплай олмади ва сўнгги поғонани эгаллади.
Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати — 3-тур
G гуруҳи
“Ювентус” — “Манчестер Сити” 2:5
Голлар: 0:1 — Доку (9), 1:1 — Компейнерс (11), 1:2 — Калулу (26, автогол), 1:3 — Ҳоланд (52), 1:4 — Фоден (69), 1:5 — Савиньо (75), 2:5 — Влаҳович (84)
“Видад” — “Ал-Айн” 1:2
Голлар: 1:1 — Майлулу (4), 1:1 — Лаба (45+1, пенальти), 1:2 — Каку (50)
Изоҳ (0)