Машҳурлик хатоларни кечирмайди, ижтимоий тармоқлар эса хатони дарҳол суд жараёнисиз ҳукмга айлантиради. Шов-шувли хатти-ҳаракатлари туфайли номлари ҳозирда тақиқланган машҳур инсонлар ҳақида маълумот берамиз.
Кевин Спейси: маиший зўравонлик бўйича айбловлар
2017 йилда Кевин Спейси энг ҳурматли актёрлардан бири эди — икки марта “Оскар” мукофоти соҳиби, “Қоғоз уй” сериалидаги ажойиб манипулятор Фрэнк Андервуд. Бироқ актёр Энтони Реп 1986 йилдаги зиёфатда Спейсини шилқимликда айблаши билан ҳаммаси ўзгарди. Шундан сўнг Спейсига қарши яна 15 киши, жумладан, режиссёр Тони Монтана, актёр Роберто Кавазос, Ричард Дрейфуснинг ўғли Гарри ва “Қоғоз уй” сериалидаги тўққиз ҳамкасби айблов билдирди.
Спейсининг ўзини оқлашга уриниши жамоатчилик норозилигини янада кучайтирди. Бир ҳафта ичида Netflix ва Sony у билан барча алоқаларни узди ва “Дунёдаги барча пуллар” фильмидан унинг саҳналари олиб ташланди — обрў-эътибори барбод бўлди.
Спейси барча айбловларни инкор этди, ҳеч қандай далил топилмади. 2022 йил октябрь ойида Нью Йорк суди уни оқлади, аммо бу ҳам унга аввалги мавқейини қайтара олмади. Йирик лойиҳалар ва роллар ўтмишда қолди, Голливуд саноати эса уни қайта қабул қилмади.
Канье Уэст: яҳудийларга қарши баёнотлар
Канье Уэст шунчаки рэпер эмас, балки давр рамзи эди: Adidas билан ҳамкорликдаги коллекциялар, Balenciaga рекламаси, жаҳон модасига таъсири. Бироқ бу нарсалар антисемитик жанжаллардан сўнг барҳам топди.
Ҳаммаси Каньенинг Париж мода ҳафталигида White Lives Matter (“Оқларнинг ҳаёти муҳим”) шиори туширилган футболкада пайдо бўлиши билан бошланди — бу ибора афроамерикаликларга нисбатан масхара сифатида қабул қилинди. Puff Daddy томонидан танқид қилинганидан сўнг, Уэст бир қатор тажовузкор твитларни эълон қилди. Улардан бири: “Мен ҳозир уйқусираяпман, лекин уйғонганимда, ЯҲУДИЙ ХАЛҚИГА қарши DEFCON 3 га ўтаман” деган твит дарҳол норозилик тўлқинини қўзғатди.
Бир неча кун ичида Канье ўзининг асосий шартномаларини йўқотди: Adidas, Balenciaga, Gap, Универсал ва бошқа кўплаб брендлар у билан ҳамкорликни тўхтатди. Унинг ҳисоблари етакчи мусиқа платформалари ва ижтимоий тармоқларда тўсиб қўйилди, у Forbes миллиардерлари рўйхатидан чиқариб ташланди.
Аммо 2023 йилда Уэст “Мен Гитлерни яхши кўраман” каби эътирофлар ва очиқ антисемитик матнли қўшиқлар билан оммавий ахборот воситаларини яна ҳайратга солди. Натижада у нафақат бойлигидан, балки авлод етакчиси мақомидан ҳам маҳрум бўлди.
Арми Ҳаммер: зўравонлик ва каннибализм бўйича айбловлар
Яқингача Арми Хаммер Голливуд ҳашаматининг тимсоли эди, “Мени исминг билан чақир” фильмида янги юлдуз сифатида тан олинди. Бироқ 2021 йил бошида ҳаммаси ўзгариб кетди: номаълум шахс Хаммер ўзини одамхўр деб атаган ва зўравонлик ҳақида хаёл сурган даҳшатли ёзишмаларни ошкор қилди. Бунинг ортидан бошқа аёллар уни ножўя ва тажовузкор хатти-ҳаракатда айблашди.
Актёрнинг карьераси бир ҳафта ичида барбод бўлди: у барча лойиҳалардан четлаштирилди, етакчи агентлар у билан ҳамкорлик қилишдан воз кечди.
Жанжал ортидан Арми Кайман оролларига жўнаб кетди, у ерда саёҳат йўриқчиси бўлиб ишлади ва турли қарамликлардан халос бўлиш учун реабилитациядан ўтди. 2024 йил кузида Хаммер жамоатчилик эътиборига қайтди, ижтимоий тармоқларда янги аккаунт очди ва кичик роллар ижро эта бошлади, бироқ энди унга киноиндустриядаги аввалги мавқейини қайтариб олиш имконсиз бўлиб қолди.
Харви Вайнштейн: “Голливуд қироли”нинг қулаши
Харви Вайнштейн Голливуднинг энг нуфузли продюсерларидан бири, Мирамах ва Тhе Weinstein Company асосчиси эди. Бироқ унинг карьераси шов-шувли можаро туфайли барбод бўлди. 2017 йилда The New York Times газетаси терговни эълон қилди, унда Вайнштейн ўнлаб йиллар давомида актрисалар ва ходимларга нисбатан жинсий тазйиқ ўтказганликда айбланди. Шундан сўнг Анжелина Жоли ва Гвинет Пелтроу каби 100 дан ортиқ аёл бу айбловларни қўллаб-қувватлади.
Продюсер ўз компаниясидан четлаштирилди, Нью Йорк ва Лос-Анжелес судлари уни зўрлаш ва тазйиқ ўтказганлиги учун 23 ва 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. 2024 йил апрелида Нью Йоркдаги биринчи ҳукм бекор қилинди, аммо 2025 йил ёзида Вайнштейн телебошловчи Мириам Хейли, актриса Жессика Манн ва модел Кайя Соколнинг янги кўрсатмалари асосида яна айбдор деб топилди. Вайнштейн аёллар билан барча учрашувлар ўзаро келишув асосида бўлганини таъкидлаб, ўзини бир неча бор оқлашга уринишига қарамай, ҳамон қамоқхонада.
Бугунги кунда ўйламасдан айтилган бир оғиз сўз, ҳурматсизлик ёки шов-шувли хатти-ҳаракат бор-йўғини йўқотиш учун етарли. Ижтимоий тармоқлар ҳар қандай суддан ҳам тезроқ муносабат билдирмоқда, жамият эса машҳурларнинг шошқалоқлиги ва такаббурлигини кечирмайди. Бу воқеалар шунчаки хатолар рўйхати эмас, балки огоҳлантириш: ҳатто энг ёрқин юлдуз остида ҳам қора соя бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)