Тошкент шаҳрида автомобилида 5 кило гиёҳвандлик моддаси олиб кетаётган ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда 18 июль куни Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Воқеа Юнусобод туманида рўй берган. ИИВ ва ДХХ ходимлари Spark’ни тўхтатиб, автомобиль олд қисмини кўздан кечирган. Машинадан полиэтилен пакетларга ўралган 5 кило гиёҳвандлик воситалари топилган.
Суриштирув давомида гумонланувчининг шериги борлиги аниқланган ва унинг уйи ҳам текширилган. Хонадондан олти ўрамда бир неча турдаги наркотик моддалар топилган.
“Ўтказилган тезкор тадбирда жами 5 кило 370 грамм гиёҳвандлик моддалари тарқалишининг олди олинди”, дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, гумонланувчилар қамоққа олинган.
“Машинадан чиққан наркотик моддаси меники. Қилган ишимдан мингдан-минг пушаймонман, афсусдаман. Ҳаммасига энди ақлим етди. Жуда ёмон ҳолатда қолиб кетдик. Уйдагиларим ҳам мен қилган иш учун маҳалладош, қариндош-уруғлар олдида шарманда бўлишди”, дейди Spark ҳайдовчиси.
Аввалроқ Сурхондарё вилояти Денов туманида Cobalt автомобилидан 9,1 кило гашиш наркотик моддаси топилгани хабар қилинганди. Модда машинада йўловчи сифатида кетаётган фуқарога тегишли бўлган.
Изоҳ (0)