Тошкент шаҳрида 7 бола уйдаги ҳовузда чўкиб, икки нафари ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.

Республика шошилинч тез тиббий илмий марказининг болалар шифокорлари берган маълумотга кўра, уйдаги ҳовузда чўкиб кетган 7 нафар бола оғир ҳолатларда олиб келинган. Шундан 2 нафари келгунча нобуд бўлган. Қолган 5 нафари жонлантириш бўлимига ётқизилди.
Беш боладан уч нафари ўзига келиб бўлимга ўтказилган. Ҳозир 2 нафари ўта оғир аҳволда реанимация бўлимида кома ҳолатида ётибди. Болалардан бирига 40 дақиқа муолажа қилингач, юраги ура бошлаган.
Май ойининг охирларида Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида икки нафар ўқувчи ҳовузда чўкиб, вафот этганди. Фарғонада уч нафар вояга етмаган бола сунъий сув ҳавзасига чўкиб кетганди. Тошкентнинг Бўрижар каналига тушиб кетган қизни қутқарган эркакнинг ўзи ҳалок бўлганди.
Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида 8 ёшли икки бола ҳовузда чўкиб, вафот этганди.
Изоҳ (0)