Сўнгги 24 соат ичида Исроилнинг Ғазо сектори бўйлаб уюштирган ҳужумлари оқибатида камида 80 киши ҳалок бўлиб, деярли 400 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Кафр Малек шаҳрига исроиллик кўчманчилар ҳужуми оқибатида 3 фаластинлик ҳалок бўлиб, бир неча киши яраланган. Исроил ҳарбийлари Наблус шаҳрига бостириб кириб, камида 14 нафар фаластинликни ҳибсга олган. Ҳибсга олинганлар орасида журналист Мужоҳид Табанжа ҳам борлиги айтилган. Рейд давомида исми ошкор этилмаган 2 та эркак ҳам қўлга олинган. Исроил ҳарбийлари уларни кўзи боғланган ҳолда олиб кетгани айтилган.
Маҳаллий манбаларга кўра, ўнлаб исроиллик кўчманчилар шаҳарга ҳужум қилганда аҳоли уларга қарши чиқишга уринган. Оқибатда кўчманчилар автомобиль ва уйларга ўт қўйган. Фаластин Қизил ярим ой жамияти ўқдан яраланган камида 5 нафар фаластинликни даволагани, баъзиларининг аҳволи оғирлигини айтган. Исроил кучлари томонидан босиб олинган Шарқий Қуддус шимолидаги Шуъфат қочқинлар лагерига рейд пайтида 66 ёшли аёлнинг бошига ўқ узган.
Defence for Children International — Palestine болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти босиб олинган Ғарбий Соҳилда Исроил ҳарбийлари томонидан 13 ёшли боланинг ўлдирилиши тафсилотларини эълон қилган.
Аммар Мотаз Мустафо Ҳамаел кўчманчилар ҳужумига учраган Фаластиннинг Кафр Малек қишлоғи яқинида дўсти билан кетаётганда исроиллик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилган. Исроил кучлари қарағай дарахтлари орасига яширинган 13 ёшли бола ва унинг дўстига 500-1000 метр масофадан ўқ узган. Ўқ Амморнинг орқасидан кириб, бўйнидан тешиб чиққан.

Исроилликлар Аммарни отишма содир бўлган жойда тахминан 2 соат ушлаб турган. Сўнгра у тез ёрдам бригадасига топширилиб, касалхонага олиб келинганда шифокорлар унинг ўлганини айтган. Ҳарбийлар ҳодиса жойида Аммарга ёрдам беришга уринган бир нечта оила аъзолари ва қўшниларини калтаклаган.
Яна бир ҳодисада Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил қўшинлари ал-Ямун шаҳридаги рейд пайтида 15 ёшли фаластинлик Райан Тамер Хуши отиб ўлдирганини билдирган. Шу билан босиб олинган Ғарбий Соҳилда Исроил кучлари томонидан ўлдирилган фаластинлик болалар сони 29 тага етган.
Изоҳ (0)