Ҳар бир юлдузнинг концерти оддийгина қўшиқ куйлашдан иборат эмас. Бу катта шоу бўлиб, унда махсус эффектлар, чиройли декорациялар ва кўзга ташланадиган кийимлар бўлади. Баъзида бундай концертларга сарфланган пул ўртача кино бюджетидан ҳам кўпроқ бўлади. Уларнинг саҳнадаги кўриниши эса томошабинларда ўзгача таассурот қолдиради. Қуйида миллионлаб доллар сарфланган, катта шоулари билан машҳур бўлган 4 таниқли артист ҳақида сўз боради.
Бейонсе ва Renaissance шоуси

Агар Бейонсе мукаммал ва катта шоу тайёрламоқчи бўлса, сарф-харажатлар учун пул тежамайди. Америка ва Европада ўтказилган 56 концертдан иборат энг машҳур жаҳон гастрол тури — Renaissance’га тайёргарлик Бейонсе ва унинг жамоасига 4 йил вақт олди. Бу вақт ичида шоуни ташкил этишга 24 миллион доллар сарфланган.
Ушбу маблағлар томошабинларни ҳайратда қолдириш учун сарфланди: LED экранлар, ҳаракатланувчи платформалар, ҳайратомуз безаклар — масалан, Бейонсе миниб чиққан ялтираб турган от, роботлар, ҳарбий техника ва бошқалар.
Юлдузнинг костюмларига ҳам катта маблағ ажратилган. Гастрол учун дунё бўйлаб машҳур дизайнерлар томонидан 148 та либос тайёрланган. Ҳар бир костюм нархи 2000 доллардан 100 000 долларгача бўлган.
Бугунги кунга келиб, Бейонсенинг Renaissance шоуси тарихдаги энг даромадли аёл гастрол тури деб тан олинган. Умумий тушум 579 миллион долларни ташкил қилган.
Кети Перри Лас Вегасдаги шоуси

Кети Перрининг PLAY номли концерт резиденсияси 2021 йилдан 2023 йилгача Лас Вегасдаги Resorts World Theatre казино-меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Бу вақт мобайнида қўшиқчи 54 та концерт берди. Кети ўзини турли жойларда синовдан ўтаётган қўғирчоқ образида намоён этди.
Кўп маблағ анимацион реквизитларга сарфланди: сеҳрли қўзиқоринлар, от, резина ўрдакчалар, пандемия даврига хос ниқоб, катта ҳажмдаги ҳожатхона қоғозлари ва, албатта, Кети саҳнага чиқадиган гигант ҳожатхона.
Айтгандек, бу шоу танқидчилар томонидан турлича баҳоланди. Айримлар уни ғояси ва саҳна безаклари учун мақташган бўлса, баъзилар ҳожатхона саҳнаси катта ёшли қўшиқчига тўғри келмаслигини таъкидлади.
Рианнанинг миллион долларлик шоуси

2023 йилда Рианна Super Bowl’да саҳнага чиқди. Бейонсе ёки Кети Перри шоуларидан фарқли ўлароқ, у саҳнада на реквизит, на юзлаб дизайнер либослари билан чиқди. Ҳатто унинг “концерти” атиги 13 дақиқа давом этди. Шунга қарамай, бу қисқа чиқиш миллионлаб долларга тушди. Барча харажатларни миллий футбол лигаси (NFL) қоплаган.
Минималистик кўринишига қарамай, 13 дақиқалик бу чиқишнинг нархи турли манбаларга кўра 8 миллиондан 13 миллион долларгача бўлган. Маблағлар асосан ҳавода осилиб турган деталларга сарфланди. Рианна саҳна марказида куйлади, раққослар эса ён томонларида ҳаракатланди. Шунингдек, чиқиш якунидаги ёнғин ҳам харажатлар рўйхатида эди.
Қизиқ томони — Рианна бу мини-концерт учун бир тийин ҳам гонорар олмаган. Super Bowl’нинг анъанасига кўра, бош саҳна санъаткорларига тўлов қилинмайди. Бироқ Рианна ўз вақтини жуда самарали ишлатди. Қўшиқлар орасидаги бир неча сониялик паузада у ўзининг гўзаллик брендига оид пудрани суртиб, реклама қилди ва кейинчалик ушбу маҳсулот савдосидан миллионлаб даромад топди.
The Weeknd ва томошабинлар учун сарфланган миллионлар

Super Bowl саҳнасида чиқиш қилган яна бир санъаткор бу The Weeknd. У 2021 йилда футбол бўйича финал ўйинида саҳнага чиққан. Рианна ҳолатида бўлгани каби, барча харажатларни Супер Боwл ташкилотчилари қоплаган. Аммо уларнинг бюджети чекланган эди. The Weeknd эса ўзи истаганидек шоу қилишни хоҳлади — фақат ажратилган пул эвазига эмас. Натижада у ўз маблағидан 7 миллион доллар қўшди.
Бу сармоя ўзини тўлиқ оқлади. Унинг чиқиши Super Bowl тарихидаги энг томошабоп ва ҳайратомуз чиқиш сифатида эътироф этилди. Саҳна шаҳар манзараси услубида безатилди.
Хонанданинг саҳнада кийган пиджаги ҳам арзон бўлмаган. Машҳур Givenchy модалар уйи пиджакни ушбу шоу учун махсус тайёрлаган. Пиджак минглаб кристаллар билан безатилган бўлиб, уни тикиш 10 кундан кўпроқ вақт олган.
Рианна сингари, The Weeknd ҳам 13–14 дақиқа давомида чиқиш қилган. Бу унинг машҳур ҳитларидан тузилган мусиқий микстура бўлган. У ҳам бу шоу учун гонорар олмаган.
Замонавий шоу-бизнес бу миллионлаб сармоя талаб қиладиган соҳа. Шоу қанчалик йирик бўлса, у шунчалик кўп куч ва ресурсни талаб қилади.
Изоҳ (0)