Питт, Бейонсе, Мадонна ва бошқа дунё юлдузларининг фарзандлари нима билан шуғулланмоқда?
Машҳур ота-оналар соясида яшаш ҳар кимда ҳар хил кечади. Кимдир ота-онасининг машҳурлигидан фойдаланиб ҳаётини йўлга қўяди, бошқалар эса атайлаб омма эътиборидан четда бўлишни афзал кўради. Баъзилари болалигидан саҳнада, камералар олдида улғайган бўлса, баъзилар ўқиш, спорт ёки бошқа соҳаларни танлаган. Ушбу мақолада Бред Питт ва Анжелина Жоли, Мадонна, Бейонсе каби юлдузларнинг фарзандлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Бред Питт ва Анжелина Жолининг фарзандлари
Фото: Instagram
Анжелина Жоли ва Бред Питт 6 нафар фарзанднинг ота-онаси ҳисобланади. Уларнинг учтаси ўз фарзандлари, яна учтаси эса асраб олинган. Катта фарзанди Меддоксни Анжелина Бред Питт билан турмуш қуришидан олдин асраб олган, кейинчалик эса Бред унинг расмий васийсига айланган. Меддокс ва Бред “Жаҳон уруши З” фильмида бирга рол ўйнашган. Меддокс кейинчалик Анжелина Жоли томонидан суратга олинган “Аввал улар отамни ўлдиришди” фильмида ижрочи продюсер бўлди. Бироқ Меддокс актёрликка қизиқмайди, ҳозирда у Анжелина Жолининг продюсерлик лойиҳаларини бошқаради ва бундан кейин ҳам шу соҳада фаолият юритмоқчи.
Шайло Нувел ўспиринлик даврида ташқи кўриниши билан тажриба ўтказди — баъзида либосда, баъзида эса андрогина услубда, қисқа сочлар ва спорт кийимларида кўринарди. Анжелина Жоли ҳар доим қизининг ҳар қандай танловини қўллаб-қувватлашини айтган. Ҳозирда Шайло рақс билан шуғулланади, актёрликка интилмайди ва камдан кам жамоат олдида кўринади.
Меддокс ва Шайлодан ташқари, бу машҳур жуфтликда яна тўрт фарзанд бор: Пакс, Заҳара ва эгизаклар Нокс ҳамда Вивен. Пакс суратга олишга қизиқади ва санъат билан шуғулланади. Заҳара коллежга ўқишга кирган ва хайрия ишларида фаол. Эгизаклар камдан кам омма олдида кўринади. Яқинда Вивен онаси билан бирга Бродвейда “Шафқатсизлар” спектаклида продюсер ёрдамчиси сифатида қатнашган. Анжелина Жоли қизинининг театрга қизиқишини айтган, лекин у саҳна ортида қолишни афзал кўради.
Бейонсе ва Jay-Z фарзандлари: мусиқий дебютлар, мукофотлар ва камера ортидаги ҳаёт
Бейонсе ва Jay-Z уч фарзанд тарбияламоқда. Аммо уларнинг катта қизи Блу Айви болаликдан эътибор марказида бўлган. У 13 ёшида онаси ва отаси билан бирга қўшиқлар ёздирган, саккизта клипда суратга тушган ва 2023 йилда “Қирол шер” мультфильмида Киaра қироличасига овоз берган.
Блу Айвининг ижоди эътибордан четда қолмади. У BEТ ва NAACP Image Awards каби бир қанча мусиқий мукофотларга сазовор бўлди. ОАВ баҳоларига кўра, унинг бойлиги миллиард долларга яқин. Бу асосан мусиқа ҳуқуқлари, реклама шартномалари ва ота-оналари номига рўйхатга олинган пуллар ҳисобига.
Фото: Instagram
Блу Айви саҳнада ўзини ишончли ҳис қилади, омма олдида чиқиш қилишга тайёр ва тадбирларда катта ёшдагиларга хос образларда пайдо бўлгани учун танқидларга ҳам дуч келмоқда. Лекин Бейонсе бир неча бор қизининг мустақиллиги ва санъаткорлигини мақтаган, уни кучли қиз деб атаган.
Бейонсе ва Jay-Zʼнинг Руми ва Сирни исмли 6 ёшдаги эгизаклари ҳам бор. Улар опа-синглисидан фарқли ўлароқ, омма олдида деярли кўринмайди. Ота-оналари уларни журналистлар эътиборидан ҳимоя қилади ва ҳаёт тафсилотларини ошкор қилмасликка ҳаракат қилади.
Бекҳэмлар ворислари
Фото: Instagram
Девид ва Виктория Бекҳэмнинг тўртта фарзанди бор: Уларнинг ўғиллари Бруклин, Ромео, Круз ҳамда қизи Харпер. Фарзандларининг барчаси болаликдан омма эътиборида бўлган, лекин ҳар бири ўз йўлини танлаган. Бири спортга қизиқади, яна бири санъатга, бошқаси эса камроқ кўзга кўринишни афзал кўради.
Энг катта ўғли Бруклин Бекҳэм ота-онасининг изидан бормаган, балки футбол ва моделликда ўзини синаб кўрган. У ёшлигидан суратга олишга қизиқиб, 17 ёшида Burberry учун реклама кампаниясини тасвирга олган. Кейинчалик кутилмаганда ошпазликка ўтиб, “Бруклин билан пиширамиз” кўрсатувини бошлаган. Танқидга қарамай, Бруклин таслим бўлмаган. У 2025 йилда автомобиль спорти соҳасини синаб кўрди ва ҳозирда машғулот олиб бориб, жараённи ижтимоий тармоқларда бўлишмоқда.
Иккинчи ўғли Ромео эса ота изидан кетган. У футбол билан шуғулланган ва Интер Миами клубига шартнома имзолаган, лекин кейин моделликка кўпроқ эътибор қаратган. Кичик ўғли Круз эса ёшлигидан мусиқа билан шуғулланади. У қўшиқ куйлайди ва ёзади. Жумладан, 2016 йилда чиққан If Every Day Was Christmas қўшиғи бор. Ҳозир Круз студияда ишлаяпти, овоз машқлари билан шуғулланмоқда. Викториянинг сўзларига кўра, у мусиқа соҳасида карьера қуришни орзу қилади.
Қизи Харпер ҳозирча оммавий эътибордан четда яшайди. Ота-онаси уни ортиқча эътибордан ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда, аммо у оилавий тадбирларда қатнашади ва онаси билан бирга мода кўргазмаларига боради. Харпер ижодий муҳитда ўсмоқда, лекин ҳозирча ўз қизиқишлари ҳақида оммага гапирмайди.
Мадоннанинг фарзандлари
Фото: Instagram
Мадонна олти нафар фарзанднинг онаси. Лурдес ва Рокко — Мадоннанинг биологик фарзандлари, Девид, Мерси Жеймс ҳамда эгизаклар Стелла ва Эстер асраб олинган фарзандлари. Хонанда она бўлиш карьерадан муҳимроқ эканлигини айтади. У фарзандларини қаттиққўллик билан тарбиялаган, лекин ҳар доим уларнинг шахсий фикрларини қўллаб-қувватлаган.
Катта қизи Лурдес — модел ва хонанда. У мода кўргазмаларида иштирок этади, провокацион компанияларда суратга тушади. 2022 йилда Лурдес саҳнадаги исми Лолаҳол остида биринчи қўшиғи Lock&Keyʼни чиқарди. У санъаткор сифатида ривожланишда давом этмоқда.
Мадонна ва Гай Ричининг ўғли Рокко ўсмирлик даврида кўп жанжал қилган, шунинг учун онаси билан муносабатлари мураккаб бўлган. Ота-онаси ажрашгач, у отаси билан Лондонга кўчиб кетган ва бир неча йил давомида Мадонна билан деярли мулоқот қилмаган. Ҳозир Рокко муваффақиятли рассом ва омма эътиборидан четда қолишга ҳаракат қилади.
Асраб олинган фарзандлари ҳам ўз йўлларини танлаган. Девид Банда футбол билан шуғулланади, “Бенфика” академиясида машқ қилади ва доимий равишда модага қизиқади. Мерси Жеймс нуфузли мактабда ўқийди ва шифокор бўлишни истайди. Эгизаклар Стелла ва Эстер рақс ва санъатга қизиқади, Мадонна уларнинг чиқишларини ижтимоий тармоқларда мунтазам эълон қилади.
Машҳур шахснинг фарзанди бўлиш ҳар доим эртакдек эмас. Имкониятлар билан бирга босим, танқид ва эътибор ҳам келади. Кимдир оммавий ҳаётдан четда қолишни танлайди, кимдир эса шоу-бизнес йўлидан боради. Уларни бирлаштирадиган энг муҳим нарса — мустақилликка интилишдир. Ҳатто машҳур фамилия билан ҳам улар ўз йўлларини янгидан қуришга мажбур.
Изоҳ (0)