Дунёнинг кўплаб нуқталарида коронавируснинг янги тури тарқалмоқда. Хитой ва Осиёнинг бошқа бир қатор мамлакатларида COVID-19 нинг қайта авж олишига янги NB.1.8.1 варианти сабаб бўлгани аниқланган. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Европадаги экспертлар касалланиш ҳолатлари кўпайиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Қўшма Штатларда ҳам ёзги тўлқин кузатилиши мумкинлиги айтилган. АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари маълумотларига кўра, NB.1.8.1 7 июнь ҳолатига кўра COVID-19 янги ҳолатларининг тахминан учдан бир қисмини ташкил қилган. Бу бир ой олдин янги вариант COVID-19 ҳолатларининг атиги 5 фоизини ташкил этганди.
Одамлар COVID-19 билан касалланиш хавфини камайтириш учун қандай эҳтиёт чораларини кўришлари керак? Мавжуд вакциналар бу турга таъсир қиладими? Бу саволларга CNN соғлиқни сақлаш бўйича мутахассиси, тез ёрдам шифокори ва Жорж Вашингтон университети клиник доценти доктор Леана Вен жавоб берди.
Янги вариант ҳақида нималарни билиш зарур?
SARS-CoV-2 вируси доимий равишда мутацияга учрамоқда ва унинг янги вариантлари пайдо бўлиши кутилмоқда. Вирусга тарқалиш учун қанча кўп имконият берилса, унинг мутацияга учраш имконияти шунча кўп бўлади.
Nimbus деб ҳам аталадиган ушбу янги вариант – NB.1.8.1 омикрон штаммининг авлоди ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги штаммни “назорат остидаги вариант” деб топган. Ушбу штамм аввалги вариантлардан кўра юқумлироқ бўлиши мумкин.
Мавжуд вакциналар ушбу вариантга қарши ишлайдими ёки йўқми, бу саволга жавоб номаълум. ЖССТ лаборатория маълумотларига кўра, олдинги инфекция билан зарарланган иммунитетга вакциналар камроқ жавоб бериши мумкин.
NB.1.8.1 нинг белгилари қандай?
Симптомлар бошқа вариантларникига ўхшаб кетади. Баъзи беморларда аллергияга ўхшаш аломатлар бўлиши мумкин, масалан, бурун битиши ва бурун оқиши. Бошқаларда шамоллаш ёки гриппга ўхшаш аломатлар бўлиши мумкин, иситма, томоқ оғриғи, чарчоқ, бош оғриғи ва мушаклар ёки тана оғриғи каби. Баъзи одамларда йўтал пайдо бўлиши ва нафас олиш қийинлашиши мумкин. Баъзиларда кўнгил айниши, қусиш ёки диарея бўлади.
Яна ёзда касаллик тўлқини бўладими?
Ҳа. Тўлқин шунчаки популяцион иммунитетнинг пасайиши туфайли ҳам юзага келиши мумкин. Баъзи экспертларнинг фикрича, ушбу янги штаммнинг пайдо бўлиши ва COVID-19 нинг сўнгги фаоллиги яқин бир неча ой ичида тўлқинни бошлаб юбориши мумкин.
Изоҳ (0)