Навоий вилоятининг Кармана туманидаги савдо мажмуасида 6 май куни ёнғин содир бўлди. Ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

ФВВ матбуот хизматининг маълум қилишича, “Арғун” МФЙда жойлашган савдо мажмуаларининг бирида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар 112 тизими орқали ФВБга соат 05:15 да келиб тушган. Шунга кўра ёнғин-қутқарув экипажлари соат 05:18 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 05:50 да қуршаб олинган ва 06:24 да бартараф этилган.
Ёнғинда савдо мажмуасининг 200 квадрат метр майдони ички қисми ҳамда маҳсулотлари ёнган. Ёнғинни бартараф этишга 6 та асосий турдаги ҳамда 1 та махсус турдаги техника жалб этилган.
Навоий вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг билдиришича, ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
1 май куни Тошкентнинг Яккасарой туманидаги технопарк ҳудудида ёнғин чиққанди. Ҳодиса оқибатида икки киши вафот этган, яна 5 нафар фуқаро тан жароҳати билан шифохонага юборилган.
Изоҳ (0)