Ўзбекистонда ерости сувларига қудуқни қонунга хилоф равишда бурғилаш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланди.

5 май куни имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Ҳужжатда қайд этилишича, ерости сувларини ерларни суғориш ва бошқа мақсадлар учун олиш кескин ўсгани, шунингдек, қудуқларни рухсатсиз бурғилаш ва сувлардан назоратсиз, ҳисобга олмасдан фойдаланиш ҳоллари давом этаётгани сабабли ерости сув ресурсларини муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш зарурати юзага келди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритиладиган ўзгаришларга кўра, ерости сувли қатламларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини, ерости сувли қатламларидан сув олиш лимитларини бузиш, ерости сувларидан ўзбошимчалик билан сув олиш, ерости сувларига қуқудни қонунга хилоф равишда бурғилаш:
- фуқароларга БҲМнинг 6 бараваридан 15 бараваригача (2 миллион 250 минг сўмдан 5 миллион 675 минг сўмгача),
- мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 20 бараваригача (5 миллион 675 минг сўмдан 7,5 минг сўмгача ) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача, мансабдорларга БҲМнинг 21 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари, шу жумладан, томорқа ер участкаларини суғориш учун сувдан умумий фойдаланиши мустасно.
Солиқ кодексига киритилган қўшимчага кўра, ерости сув манбаларидан сув ўлчаш ускуналарисиз сув олинганда солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг 5 баравари миқдорида белгиланади. Бунда мазкур қоида жисмоний шахслар томонидан шахсий ва хўжалик эҳтиёжлари учун суткасига 5 метр кубгача бўлган ҳажмда ерости сувларини якка тартибда олиш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Бу ўзгариш қонун эълон қилинганидан 3 ой ўтгач амалга киритилади. Ушбу қонун қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 4 мартда қабул қилиниб, Сенат томонидан 30 апрель куни маъқулланганди.
Ўзбекистонда ерости сувларидан фойдаланиш
Ўзбекистонда 2024 йил 1 январдан сув ҳисоблагичсиз ерости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланган. Республиканинг 7 та вилояти 21 та туманида ерости сувлари сатҳининг 5 метр ва ундан ортиқ пасайиб кетаётгани ҳолатлари қайд этилиб, мазкур ҳудудларда сувга қудуқ бурғилаш ва улардан фойдаланиш бўйича мораторий жорий этилди.
Ерости сувлари сатҳнинг ўртача кўп йиллик сатҳга нисбатан 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда ерости сувларидан фақат ичимлик мақсадларида фойдаланиш мумкин. Бунда ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларига гидрогеологик хулоса бериш, ерости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан ерларни сув тежовчи технологияларсиз суғориш тақиқланади.
Изоҳ (0)