Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева 9 апрель — оиладаги зўравонликка қарши қонун қабул қилинганига икки йил тўлган кунда давлат раҳбари қонунчиликка никоҳдан ажратишда судлар томонидан тайинланадиган “яраштириш даври”ни бекор қилишга оид жуда муҳим ўзгартириш киритилишини тасдиқлаганини маълум қилди.

Президент ёрдамчиси кураш ҳеч қачон тугамаслигини маълум қилди.
“Буни аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш йўлидаги катта қадам деб ҳисоблайман. Агар оилада инсон қадр-қиммати ҳурмат қилинмаса ва у жисмоний, психологик ёки иқтисодий таҳқирларга дуч келса, у ерда муросага келиш, ярашиш ҳар қанақасига имконсиздир.
Бу нафақат аёллар, балки шундай шароитда яшаётган ва тарбияланаётган болалар учун ҳам муҳимдир.
Қонунчиликка ушбу тузатишлар киритилиши устида ишлаган катта жамоа сиз томонда.
Йўл қанчалик машаққатли бўлмасин, ўзингиз ва фарзандларингиз тинчлигини танланг. Ота-оналар эса шуни яхши тушуниб олишлари керак: қизингизнинг зўравонликдан қочиб уйга келиши эмас, балки зўравонликка тоқат қилишга мажбур бўлиши — ҳақиқий шармандаликдир”, деб ёзади Саида Мирзиёева.
Изоҳ (0)