Ота — инсон ҳаётида қанчалар аҳамиятли ва қадрли инсон эканлигини таърифлашнинг ҳожати йўқ. Афсуски, турли сабабларга кўра, ота меҳрини ҳис қилмаган, унинг соғинчи билан умр ўтказган инсонлар ҳам бор.
Муҳаббат Ҳамроева: “Буюк армоним отам”
Телебошловчи Муҳаббат Ҳамроева тўрт ёшида отасидан етим қолади. Отаси 27 ёшида оламдан кўз юмади, эндигина 24 ёшни қаршилаган онаси кетма-кет туғилган тўрт бола билан бева қолганини қуйидагича эслайди.
— Отам ҳаётимдаги энг буюк армоним. У инсон ҳаёт бўлишини ва фарзандларимнинг тўйида ёнимда бўлишини истайман. Майли, аравачада бўлса-да, кириб келиши хоҳлайман. Отадан етим қолганда бор-йўғи тўрт ёшда эдим. Энг кичкина укам эса беш ойлик чақалоқ бўлган. Онам кўплаб қийинчиликларни бошдан кечирган, тўнғич фарзанд бўлганим учун мен унга ҳам маслаҳатчи, ҳам кўмакчи эдим. У пайтлари қиш жуда қаттиқ келарди, бир куни кўмиримиз қолмади. Мажбур онам иккимиз аррани кўтариб, дарахтни кесишга қарор қилдик. Мен дарахтга чиқолардим, аммо аррани кўтариб, унинг шохларини кесишга кучим етмасди. Шу боис онам дарахтга чиқди ва музлаган дарахт шоҳини кесаётганда йиқилиб тушди. Ўшанда оёғи синган экан, оғриқнинг зўридан йиғлаб юборди. Юзига томган кўз ёши бир пастда музлаб қолди. Онам кўз ёшларини ҳамиша яширарди, ҳаётимда бир марта унинг йиғлаганини кўрдим. Бу бир умрлик картина мисол хотирамда муҳрланди, дейди Муҳаббат Ҳамроева.
Наргиз: “Отамни оиласидан қизғонаман”
Хонанда Наргиз Яндашева ота-онасининг ажрашиб кетиши сабаб отасидан алоҳида яшагани ҳақида интервьюларининг бирида гапириб кўзига ёш олганди.
— Мен доим хаёлларим билан яшайман, ўзим яратган оилам, шароитим бор. Барибир нимагадир овуниб яшаш чиройли. Менда бир умр отам билан онам бирга яшайди, биз биргамиз деган хаёл бор, аслида эса бирга яшамаймиз. 40 йилдан ошди, ота-онам ажрашган. Бироқ мен отам унақа деди, онам бунақа деди, деб гапириб келганман. Телевизорда қўшиқ айтгани чиқсам, Наргиз деган ёзув чиқади, дадам: “Фамилиянгни ёзмаганингга сени танимабман”, деб хафа бўлади. Онам эса фамилиям билан чиқсам, “Кечаси-ю кундузи боқиб катта қилсам, мени хафа қилдинг”, деб аразлаб олади. Шунинг учун иккалаларининг кўнглини қолдирмасдан Наргиз тахаллуси билан чиқишни тўғри деб билдим. Чунки дадамни ҳам яхши кўраман, дадамнинг қизиман, уларга жуда ўхшайман. Дадам ҳамма орзуларимга мотивация берадиган инсон, ҳозиргача ҳам шундай. Менга нима ярашишини айтиб туради, дадам менинг дўстим.
Дадамнинг умри узоқ бўлсин, майли, қишлоқнинг у чети билан бу четида яшасак ҳам. Уларнинг уйларига бориб тураман, дадамни роса қизғанаман. Бошқа оиласи бор, яна хаёлимга қайтаман. Шунинг учун мен ҳам ўзимнинг турмушимда нима воқеа-ҳодиса бўлса ҳам, боламни етим қолдирмайман, лекин етим болаларга ҳам ҳеч қачон халақит бермайман. Айб болаларда эмас, улар ота-онаси билан бирга яшаши керак. Менинг ҳамма нарсам: уйим, машинам, фарзандим бор, лекин ота-она билан катта бўлиш бошқа, дейди хонанда.
Барчин Ғофурова: “Отам сабаб эркаклардан кўнглим қолган”
“Бахт овчиси” сериалидаги Зуля роли билан томошабинларга яхши таниш бўлган Барчин Ғофурова ҳам ота меҳридан айро яшаган. У отаси сабаб эркаклардан кўнгли қолгани ва эндиликда ҳаётида отасига ўрин йўқлигини қуйидагича изоҳлайди.
— Отам меҳрини ҳис қилишни истаганман, аммо каминани бу бахтдан мосуво қилишган. У укам иккимизни болалигимда ташлаб кетган. Аввалига ажрашишига кўпроқ онам сабабчи деб билардим. Чунки у ниҳоятда ғурурли аёл. Аммо улғайиб, ярашиш таклифи билан отамнинг олдига борганимдан кейин фикрларим ўзгарди. У янги оиласи борлиги ва бошқа болаларнинг бошини силаётгани учунми, биз билан яшашни истамади. Илгари отам ўлган деб билардим. Чунки у бирор марта биздан хабар олганини онам кетма-кет жарроҳлик амалиётини бошидан кечирганда, укам ошқозон саратонига чалиниб, даволатиш учун уйимизни сотганимизда ҳам, у инсон хабар олмаган. Лекин отам билан учрашганда фамилиянгизда халққа таниламан, дегандим. Балки Барчин Ғофуровани телевизорда кўрганда кўнглидан нималардир ўтар, бу ёғи менга қоронғи. Аммо у инсон сабаб эркаклардан кўнглим қолган, оила қуришдан ҳам қўрқаман, дейди актриса Барчин Ғофурова.
Рухшона: “Адам шу ёшимгача хабар олгани йўқ”
Хонанда Рухшона интервьюларининг бирида 12 ёшида ота-онасининг ажрашгани ва шундан кейин ота меҳридан айро яшагани ҳақида йиғлаб гапирди.
— Машинам йўқлигида таксига чиқдим. Ёнимда бир киши кетяпти, қариб кетган, жуссаси кичрайган ва қорайиб кетган хунук эркак. Яхшилаб қарасам у адам экан. Ғам одамни еб қўяр экан. Ўгирилиб кетдим. Ҳозир 30 ёшман, турмуш қурдим, ажрашдим. Аммо шу кунгача бирор марта адам келиб “қизим, ҳаётинг бўлмабди, нима бўлди”, дегани йўқ. Хабар олишларини ҳалигача кутаман. Тўғри, ҳозир менга оталик қилолмаслар, аммо мен 12 ёшгача у инсоннинг меҳрини ҳис қилганман. Мени эркалаб, онаш қизим, деб ўзлари билан олиб юрганлар. Тақдир экан, онам билан ҳаётлари ўхшамади, ажрашиш пешанада ёзилгандир. Аммо мен фарзандлариман-ку. Энг қизиғи, ўзим ота меҳрига зор бўлиб улғайдим ва бу болаларимнинг тақдирида ҳам такрорланди, дейди хонанда Рухшона.
Нилуфар Усмонова: “Болаликда тўлиқ оилага муҳтож бўлганман”
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова созанда Иброҳим Ҳакимов билан 1996 йил расман ажрашган. Уларнинг фарзанди Нилуфар Усмонова у пайтда анча улғайиб қолганди.
— Болаликдан тўкис оилага муҳтожлик сезиб яшаганман. Раъно холам ва бувим раҳматли меҳрибон бўлишса-да, барибир фарзанд учун ота-онанинг ўрни бўлакча бўлади. Шу боисдан балки оилапарвар ижодкор бўлишга, қомат ёки карьерани баҳона қилмай фарзандлар сонини орттиришга ҳаракат қилгандирман. Отамнинг ўз оиласи, онамнинг севимли турмуш ўртоғи бор. Иккисининг ҳам қарорини ҳурмат қиламан. Нима бўлган тақдирда ҳам, улар ота-онам бўлиб қолаверади. Мен ҳам турмушдан ажрашганман, бунинг қанчалар қийин эканини биламан. Ўғлим Саидаъзамхоннинг отаси раҳматли Новзода мен билан яшашни истамаган. Чунки у бешта қиз боланинг ичида ўсган ёлғиз эрка ўғил эди. Онаси ҳам худди аямдек чўрткесар аёл эди. Яшашни истамайсанми, ажраш деган. Оиламда нотинчлик бўлаётган пайтда онам “Сени истамаётган инсонга интилиб қадрингни туширма, демак, тақдир эмас экан”, деган. Нима бўлган тақдирда ҳам, ақлли ўғлим учун у инсондан миннатдорман, дейди хонанда Нилуфар Усмонова.
Бундан бир неча йил аввал ОАВда Нилуфар Усмонованинг отаси Иброҳим Ҳакимов билан интервью чоп этилган эди. Ўшанда Ҳакимов қизи Нилуфар билан муносабатлари яхши экани, доим ука-сингилларидан хабар олиб туриши, ҳатто автомобиль совға қилганини айтган эди. Маълумот учун, Нилуфар Усмонова онаси Юлдуз Усмонованинг фамилияси билан ижод қилса-да, аслида унинг фуқаролик паспортида фамилияси Ҳакимова деб қайд этилган.
Азода: “12 ёшимда дадамдан қаттиқ ранжигандим”
Блогер Азоданинг онаси ҳам фарзандларини ёлғиз тарбиялаган. У ҳаётидаги оғир кунлар ва дадасидан нима учун ранжиганини қуйидагича изоҳлайди.
— Болалигимда дадам билан онам оилавий келишмовчилик сабаб ажрашиб кетган. Учта болани ёлғиз тарбиялаш ва боқиш онамга осон кечмаган. Дадам эса янги оила қуриб, ўзи билан ўзи овора бўлиб кетган. 2012 йил оиламиз учун ниҳоятда оғир келган. Онамни гап-сўзлар, тазйиқлар эзиб қўйган. Ўшанда онамни ҳеч ким эшитмаган. Онамнинг қийналаётганини кўриб, 12 ёшимдан унга ёрдамлашишга ҳаракат қилганман. Бош фарзанд барибир ота-онага кўмакдош бўларкан. Биз шаҳардан чеккароқ жойда яшардик. Шу боис онам билан тонг саҳарда туриб, марказга ишлаш учун келардик. Фастфуд егуликлари ва нон сотадиган ерда ишлаганмиз. Тушгача ишлаб, кейин мактабга кетардим.
Болалигимдаги энг катта қийинчилик уйсизлик билан боғлиқ. Ҳақиқатан ҳам у ерда уйимиз йўқ эди. Ижара уйда яшаш осон эмас. Аммо у кунларни қийинчилик дегим келмайди, чунки уйимиз бўлмагани билан жуда бахтли эдик. Онам камтарона бўлса-да, бахтли оила муҳитини яратиб берган.
Дадам ҳақида кўп сўрашади. Аммо шахсий ҳаётим ҳақида гапиргим келмайди. 12 ёшимда дадамдан қаттиқ ранжигандим. Онамнинг ёнини олаверганим учун жаҳл устида менга “Сендек қизим йўқ”, деган гапни айтган. Бу гап кўнглимга жуда оғир ботган, дейди Азода.
Нигора Абдуллахонова: “Отам янги оилали, фарзандли бўлганидан хурсандман”
“Афандининг қизлари” жамоаси аъзоси Нигора Абдуллахонова ҳам отасиз улғайган. У отасининг янги оила қурганидан ва фарзандли бўлганидан хурсанд эканини айтади.
— Туғилганимда адам онамни роса сўккан эканлар, ўғил туғмадинг, деб. Бекор сўккан экансиз, дада, ўғил болалардан ўтиб кетдим.
Ота-онам эрта ажрашиб кетган. Кейинчалик отамнинг янги оила қуриб, фарзандли бўлгани ҳақида эшитдим. Балки ким учундир гапларим носамимийдек туюлар. Аммо у инсоннинг бахтли эканидан хурсандман. Лекин кўнглимда кемтик борлигини, болаликдан ота меҳрини ҳис қилиб яшаганимни яширмайман. Анча улғайганимдан кейин отам билан учрашдим. Ҳеч бўлмаса бир марта бўлса ҳам отамни бағримга босиб, бу меҳр қанчалар ёқимли эканини ҳис қилдим. Эр-хотин бирор қарорни қабул қилишдан аввал болалари ҳақида ўйлаши керак. Чунки ота-онанинг айро яшаши уларга оғир ботади. Эркак аёлдан воз кечиши мумкин, аммо фарзандларидан айрилишга ҳаққи йўқ. Ҳаётимдаги энг оғриқли нуқта отасиз улғайганим билан боғлиқ. Бу ҳақда гап очилса, дарров йиғлаб юбораман. Отасиз ўсиш қанчалар қийин эканини билганим учун ҳам фалончи ажрашибди, дейишса “Боласи йўқ эканми?” деб сўрайман. Чунки ота меҳрини кўрмай ўсадиган болалар сони ортишини истамайман, дейди актриса Нигора Абдуллаханова.
Мавлуда Ҳикматова: “Дадам мени танимайди”
Ёш актриса Мавлуда Ҳикматова ҳам ота меҳрини кўрмай ўсган. У падари бузрукворини бундан 10 йил аввал тасодифан кўриб қолгани ҳақида кўзида ёш билан сўзлаб берди.
—2014 йилда фильм премьерасида биз дадам билан кўришиб қолдик. Онам, опам ва мен кинозалда тургандик. Шунда опам дадамни кўриб қолиб, олдиларига борди, “Дада, ассалому алайкум, яхшимисиз? Нимага келмаяпсиз? Мана ойим, сўрашмайсизми?”, дедилар. Дадам “Яхшимисан?”, деб юзларини буриб олдилар. Ойимнинг кўзларига қарай олмаяптилар, ойим ҳам “Assalomу алайкум, яхшимисиз?”, деб қўйдилар, улар худди бегоналардек сўрашишяпти. Бу бизнинг охирги учрашувимиз эди. Унда дадам мени танимасди. Бир куни у инсон билан бориб кўришаман, шундай ниятим бор”, дейди Мавлуда Ҳикматова.
Изоҳ (0)