Шавкат Мирзиёев 21 май куни Эрон элчихонасига ташриф буюриб, Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахслар фожиали ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари дипломатик ваколатхонада очилган Ҳамдардлик китобига таъзия ва таскин сўзларини ёзиб қолдирди.
Ўзбекистон етакчиси элчи Муҳаммадали Искандарий билан қисқа суҳбатда президент Иброҳим Раисий етук давлат арбоби ва сиёсатчи бўлгани, Эроннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳамда мамлакатнинг халқаро обрўсини мустаҳкамлашга, шунингдек, давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.
20 май куни Ўзбекистон президенти Эрон Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Хоманаийга ҳамдардлик мактуби йўллаганди.
Эслатиб ўтамиз, 19 май куни Эрон президенти Иброҳим Раисий авиаҳалокат натижасида ҳалок бўлди. Президентни олиб кетаётган вертолётда Шарқий Озарбайжон губернатори Оятуллоҳ ал-Ҳошим ва ташқи ишлар вазири Амир Абдуллаҳён ҳам бўлган. Мутахассислар фикрича, фалокат техник носозлик ёки инсон омили туфайли юз берган бўлиши мумкин.
Раисий вафоти муносабати билан Эронда беш кунлик мотам эълон қилинган. Эрон президентининг дафн маросими 23 май куни Машҳад шаҳрида бўлиб ўтади. Муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнга белгиланган.
Изоҳ (0)