Украинада 2024 йил март ойида президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда маҳаллий Эспрессо нашри хабар берди.
Украина халқ депутати Алексей Гончаренкога кўра, мамлакат раҳбари Владимир Зеленский президентлик сайловларини 2024 йил 31 мартда ўтказиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаган.
“Менинг маълумотларимга кўра, Зеленский келаси йил президентлик сайловларини ўтказишга қарор қилган. У Украина президенти офисига 2024 йил 31 март куни бўлиб ўтиши режалаштирилган сайловларга тайёргарлик кўришни топширган.
Бу конституциявий муддатга ўхшайди — март ойининг охирги якшанбаси. Улар тегишли қарор ғарблик шерикларининг талаби сабабли амалга ошишини жамоатчиликка тушунтирмоқчи. Хусусан, сайловлар ўтказилмаса, Зеленский легитимлигини йўқотади. Айниқса, Путин март ойида сайлов ўтказишни режалаштираётганини ҳисобга олсак”, — деди Гончаренко.
Шу билан бирга, Гончаренко ғарблик ҳамкорлар Украинадан сайлов ўтказишни талаб қилмаслигини айтди.
“Ишонтиришим мумкинки, ғарбий ҳамкорларимиз биздан сайловлар ўтказишни талаб қилмаяпти. Ҳеч қандай оммавий ёки нодавлат талаблар йўқ. Буни бизнинг ҳамкорларимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу фақат президент офиси томонидан қўйилган сиёсий вазифалардир. Гап фақат президентлик сайловлари ҳақида кетмоқда, чунки парламент сайловлари Украина конституцияси томонидан тўғридан тўғри тақиқланган”, — дея таъкидлади у.
Изоҳ (0)