Украина конституцияси ҳарбий ҳолат даврида Украина Олий Радасига сайловлар ўтказишга билвосита рухсат бермайди. Бундай шароитда сайлов ўтказиш имконияти бўйича якуний қарорни фақат Конституциявий суд қабул қилиши мумкин. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Олий Рададаги вакили, парламентнинг миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси аъзоси Фёдор Вениславский журналистларнинг саволига жавобан айтиб ўтди.
У Украина халқ депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишларини Марказий сайлов комиссияси ташкиллаштиришини эслатди. Конституция ва сайлов қонунчилигига кўра, сайлов жараёни қачон бошланишини айнан МСК белгилаши керак. Украина конституциясининг 83-моддасига кўра, ҳарбий ҳолат даврида Украина Олий Радасининг ваколат муддати тугаган тақдирда, унинг ваколатлари ҳарбий ҳолат бекор қилингандан кейин сайланган парламентнинг биринчи сессиясининг биринчи мажлиси кунигача узайтирилади.
“Тўғридан тўғри тақиқ йўқ. Кимлардир уруш ҳолатида сайлов ўтказиш мумкин, дейди. Лекин менимча, конституция бундай сайловларни ўтказишга билвосита рухсат бермайди. Аммо Конституциявий суд якуний қарорни қабул қилиши мумкин”, — таъкидлади Вениславский.
Шу билан бирга, президент вакили ҳарбий ҳолат режими даврида Украина парламентига сайлов ўтказишни мақсадга мувофиқ деб билмаслигини, чунки сайлов жараёнида иштирокчилар хавфсизлигини кафолатлашнинг иложи йўқлигини таъкидлади.
Маълумот учун Украинада 2023 йил октябрь ойида Олий Рада депутатлари учун, 2024 йил мартида Украина президентлиги учун сайловлар, 2025 йилнинг октябрь ойида эса маҳаллий сайловлар ўтказилиши керак.
28 июль куни Олий Рада раиси Руслан Стефанчук конституция уруш даврида сайлов ўтказишни тақиқламаслигини айтди. Бу резонансга сабаб бўлди, кўплаб сиёсатчилар ва ҳуқуқшунослар Олий Радага сайловларни ҳарбий ҳолат пайтида ўтказиш мумкин эмаслигини таъкидлади.
Изоҳ (0)