Афғонистоннинг Панжшер вилояти аҳолиси айтишича, “Толибон” вилоятдаги кўплаб мактаблар биноларидан ҳарбий пост сифатида фойдаланмоқда. Бу ҳақда The Print нашри хабар берди.
Панжшерликлар “Толибон”ни хавфсизлик кучларини ҳарбий базаларга кўчиришга чақирди.
“Бу ҳақиқат ва уларнинг мактабларга жойлаштирилишига кўз юммаслик керак. Ҳарбийлар мактабларга ўрнашиб олганига, бу эса ўқувчилар ва одамларнинг маънавиятига таъсир қилаётганига гувоҳ бўляпмиз”, — дейди панжшерлик Самиулла Содиқий.
Обид исмли яна бир аҳоли вакили таълим сифати тушиб кетганини айтди.
“Базаракдаги мактабда ҳарбийлар бор, шунинг учун мактаб таълимига кам эътибор қаратиляпти”.
Шунингдек, аҳоли турар жойларида ҳарбийлар борлиги сабаб панжшерликлар орасида ваҳима кўтарилмоқда.
“Ҳарбийлар мактаб ва қишлоқларда. Биз Ислом Амирлигини ҳарбийларни бу ҳудуддан олиб чиқишга чақирамиз”, — дейди панжшерлик Миан Аҳмад Илҳом.
“Толибон” матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, бу муаммога ечим топиш учун ҳарбий амалдорлар билан маслаҳат қилинади.
“Биз бу масалани Панжшердаги расмийларга билдирдик, у ерга хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни олдини олиш учун жойлаштирилган ҳарбийларга муқобил йўл топиш ва мактабларни эвакуация қилиш учун расмийлар билан маслаҳатлашдик. Бу масалани Таълим вазирлигига ҳам билдирдик”, — деди Мужоҳид.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг сентябрь ойида “Толибон” Кобулни эгаллагач, Панжшердаги Миллий қаршилик фронти узоқ вақт толибларга таслим бўлмади. Фронтга “Панжшер арслони” номи билан танилган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд раҳбарлик қилади.
Изоҳ (0)