Оҳангарон туманида 6 та транспорт воситаси иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан маълумот берилди.
Унга кўра, ҳолат 23 июнь куни соат тахминан 13:00 ларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган Олмалиқ—Тошкент автомобиль йўлининг 13-километрида содир бўлган. 6 та транспорт воситаси (Captiva, Lаdа Largus, Nexia-3, Shinerfly (микроавтобус), Damas ва Hоwо русумли юк автомобили) бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган вақтда олдинма-кетин урилиши натижасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Ушбу тўқнашув натижасида Nexia-3 йўловчиси 1980 йилда туғилган Т.Г.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Бошқа ҳаракат иштирокчиларининг соғлиғига зиён етмаган. Транспорт воситалари техник шикастланган.
Дастлабки суриштирувларга кўра, дала майдонида содир бўлган ёнғиндан ҳосил бўлган қора тутун ҳайдовчиларнинг бошқа автоуловларни кўрмай қолишига сабаб бўлган. Ҳолат юзасидан туман ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)