Тошкент шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини муомалага киритмоқчи бўлган шахслар ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Ю.М. исмли шахс Яккасарой тумани ҳудудида жами 4 428 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро А.А.га 1 000 долларга сотаётган вақтида ушланган. Шунингдек, унинг хонадонидан яна 12 618 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Психотроп моддалар савдоси
Апрель ойининг бошларида ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилганди. Шунингдек, Андижонда Қирғизистондан олиб келинган гашишни 1,6 минг долларга сотмоқчи бўлган 37 ёшли аёл ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Тошкент шаҳрининг Сергели ва Яшнобод туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган шахслар ҳам ушланган.
Изоҳ (0)