Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқларда 3 яшар қизнинг ўлими ҳолати юзасидан тарқалган видеомурожаатга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 25 апрель куни 27 ёшли Д.У. Сергели тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, синфдоши Ш.Н.га вояга етмаган фарзанди, 2020 йилда туғилган С.У.ни энагалик қилиши учун топширганини, лекин фарзанди унинг хонадонида вафот этганини маълум қилган.
Текширув жараёнида Ш.Н. қизча 24 апрелда ертўлага тушиш зинасидан йиқилиб тушганини, бироқ ўрнидан туриб яна ўйнаб кетгани сабабли унинг онасига бу ҳақида хабар бермаганини айтган. Шунингдек, у шифокорларга ҳам С.У.га тиббий ёрдам кўрсатиши учун мурожаат қилмаган. 25 апрель куни соат 10:00 ларда эса С.У. хушидан кетиб йиқилган ва тез тиббий ёрдам ходимлари келгунига қадар вафот этган.
Марҳуманинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчи Ш.Н. процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда.
11 апрель куни Тошкентнинг Миробод туманидаги 110-мактабда 8-синф ўқувчиси вафот этгани тўғрисида хабар берилганди. Мактаб кузатув камераси видеоёзувлари ўрганилганда, ҳодиса жойида жанжал ёки келишмовчилик бўлмагани аниқланган. Шунингдек, Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида 12 апрель куни 21 ёшли йигит спорт клубида вафот этган.
Изоҳ (0)