«Толибон» муваққат ҳукумати қарори билан Афғонистонда аёлларнинг олийгоҳда ўқиши тақиқлангач, Эрон афғон аёлларига таълим олишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда Эроннинг оила ва аёллар бўйича вице-президенти Энсия Хазалига таяниб, «РБК» хабар берди.
«Эрон афғонистонлик аёлларга таълимнинг турли даражаларида ўқишни давом эттиришда ёрдам беришга тайёр», — деб ёзган у Twitter’да.
Аввалроқ «Толибон» ҳукумати Олий таълим вазирлиги Афғонистондаги хусусий ва давлат университетларида талаба қизларнинг ўқишини тўхтатишни буюрганди. Афғонистон олий таълим вазири Неда Муҳаммад Надимнинг айтишича, қизларнинг дунёвий университетларда таҳсил олиши ислом қонунларига ва анъаналарига зид.
Бу қарор Ғарб давлатлари билан бирга Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркия томонидан ҳам қораланди. Улар «Толибон»ни бу қарорни бекор қилишга чақирди.
Бироз ўтиб «Толибон» аёлларга нодавлат ташкилотларида ишлашни ҳам тақиқлади.
Мавзуга доир: «Толибон» аъзолари аёлларни омма олдида қамчилади
Изоҳ (0)