Украина президенти Владимир Зеленский 20 декабрь куни Донбассдаги фронт чизиғида жойлашган Бахмут шаҳрига ташриф буюрди.
Президент олдинги чизиқни бориб кўрди, ҳарбийларни нишон ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади. Зеленскийга ташриф давомида Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр ҳам ҳамроҳлик қилди.
Украина раҳбари мамлакатдаги электр энергияси билан боғлиқ вазиятга ҳам изоҳ берди. У аҳвол оғирлиги, аммо давлат раҳбари, армия, юрт ва ҳар кимнинг ичидаги умид учқуни вазият ёмон эмаслигига ишора қилишини айтди.
«Давлат раҳбари қўмондоннинг тезкор вазият, моддий-техник таъминот ва келгусидаги ҳаракатлар бўйича таклифи ҳақидаги маърузасини тинглади. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларга мукофотлар топширди», — дейди президент матбуот котиби Никифоров.
Зеленский ўзининг Telegram саҳифасида Бахмутга ташрифидан расмлар жойлаб, унинг остида қуйидагича изоҳ қолдирган:
«Бахмут қалъаси. Бизнинг халқимиз. Душман томонидан мағлуб этилмаган. Улар ўзларининг жасорати билан жангга бардош беришимизни ва енгилмаслигимизни исботлайди.
Украина сиз билан фахрланади. Мен сиз билан фахрланаман! Душман ҳужумларини қайтаришда кўрсатилган жасорат, чидамлилик ва куч учун раҳмат», — дейди президент.
Бахмут Украина президенти жанг бўлаётган ҳудудга ташриф буюрган биринчи шаҳар эмас, хусусан, Зеленский 6 декабрь куни Донецк вилоятининг Словянск шаҳрига ташриф буюрганди. 14 ноябрь куни эса ўққа тутилган Херсонга борган.
Бахмут шаҳри (2016 йилгача — Артемўвск) Донбассдаги муҳим транспорт маркази, Украинанинг мустаҳкамланган ҳудуди ҳисобланади. У Краматорск, Славянск, Северск ва Торетскгача бўлган йўлларни қамраб олади. Май ойининг иккинчи ярмидан бошлаб рус қўшинлари шаҳарга кучли ракета ҳужумларини амалга оширмоқда.
5 июль куни рус қўшинлари Лисичанскни эгаллаб олди ва августда улар Бахмутнинг чекка ҳудудларига етиб келди. Ёз охиридан бери руслар, асосан, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси кучлари, бир неча километр олдинга силжишга муваффақ бўлди.
Бир неча ойдирки, шаҳар чеккасида шиддатли жанглар давом этмоқда. Шу билан бирга, Бахмутда тинч аҳоли ҳаёт кечирмоқда. Шаҳар ҳали ҳам Украина ҳарбийлари томонидан ҳимояланган.
Изоҳ (0)