Аргентина президенти Альберто Фернандес Балидаги G20 саммитида ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Бу ҳақда унинг матбуот хизматига таяниб, «РБК» хабар берди.
Аргентина президенти шифокорининг баёнотида айтилишича, Фернандеснинг қон босими тушиб, боши айлана бошлаган. У кўрикдан ўтказилган.
Clarin нашрининг ёзишича, G20 саммитининг биринчи кунида Фернандес ўрнига Аргентинадан ташқи ишлар вазири Сантьяго Кафиеро вакиллик қилади.
14 ноябрь куни Associated Press Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров G20 саммити учун Балига етиб келганидан кейин касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берди. Агентликнинг Индонезия расмийлари орасидаги манбаларига кўра, россиялик дипломат Балида юрак хасталиги билан боғлиқ муолажа олган.
Ўз навбатида, Бали губернатори Reuters агентлигига Лавровнинг соғ-саломат экани ва шифохонага тиббий кўрикдан ўтиш учун қисқа муддатга ташриф буюрганини айтган.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Лавровнинг Балидаги касалхонага ётқизилгани ҳақидаги хабарларни «фейк» деб атади. Захарова Telegram’га вазирнинг видеосини ҳам жойлаштирди.
Изоҳ (0)