Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Озарбайжон Қуролли кучлари учта йўналишда Арманистон позицияларини ўққа тутди, деб ёзади Meduza Арманистон Мудофаа вазирлигига таяниб.

Архив

Архив
Фото: «Big.аз»

Арманистон ҳарбий идораси маълумотларига кўра, 13 сентябрь куни ярим тундан кейин Озарбайжон ҳарбийлари Горис, Сотк ва Жермук яқинидаги Арманистон позицияларига артиллерия ва йирик калибрли қуроллардан, шунингдек, учувчисиз учар қурилмалар ёрдамида ўққа тутишни бошлаган.

Ўз навбатида, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабар қилишича, Арманистон Қуролли кучлари бўлинмалари Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасида Дашкесан, Келбажар ва Лачин йўналишларида «кенг кўламли қўпорувчилик»ни амалга оширган.

Боку даъво қилишича, Арманистон Қуролли кучлари қўпорувчилик гуруҳлари турли йўналишларда Озарбайжон армияси позициялари ўртасидаги таъминот йўлларини миналаштирган. Озарбайжон бўлинмалари томонидан кўрилган «шошилинч чоралар» туфайли жанг юз берган.

Озарбайжон ҳарбий идораси Арманистонни ўзининг чегарадаги позицияларини ўққа тутишда айблади ва Озарбайжон Қуролли кучлари шахсий таркиби орасидаги талафотлар ҳақида хабар берди.

Хабарга кўра, Озарбайжон армияси томонидан «Арманистон Қуролли кучлари ўт очиш нуқталарини бостириш ва жанговар тўқнашувлар кўлами кенгайишининг олдини олиш учун зарур чоралар кўрилмоқда». «Арманистон Қуролли кучларининг қўпорувчилик операцияларига жалб этилган шахсий таркиби ва жанговар техникаси орасида талафотлар бор», — дейилади идора хабарида.

2020 йил сентябрида Тоғли Қорабоғда кўп йиллар давомида биринчи марта тўлиқ кўламда жанговар ҳаракатлар бошланганди. Ноябрда томонлар Россия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш ҳақида битим имзолади. Жанглар якунларига кўра, Арманистон Озарбайжонга тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг тахминан ярми устидан назоратни топширди. Бундан ташқари, минтақага Россия тинчликпарварлари киритилди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар