Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ўзбекистонда спорт соҳасида аниқланган қонун бузилишлар муҳокама қилинди, деб хабар беради Бош прокуратура.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Спорт, маданият, маданий мерос ва туризм соҳаларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ва унинг қуйи тармоқлари томонидан «Спорт-таълим муассасалари фаолиятини 2025 йилгача ривожлантириш дастури тўғрисида»ги ва «2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган ХХХIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарорлари ҳамда соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси давлат спорт ташкилотлари ва спорт-таълим муассасаларида ўрганилган.

Ўрганиш доирасида 127 та текшириш ўтказилиб, 948 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган ва 356 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Шунингдек, 463 та объектларда ўрганишлар ўтказилиб, 26,1 миллиард сўмлик етказилган зарар аниқланган. Текшириш давомида 9,8 миллиард сўмлик зарар ундирилиб, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 65 та жиноят ишлари қўзғатилган.

Хусусан, 2019-2021 йилларда:

  • спорт-таълим муассасалари эҳтиёжлари учун ажратилган 19 та ҳолатда 6,4 миллиард сўм;
  • спорт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш учун 17 та ҳолатда 11,8 миллиард сўм;
  • спорт жиҳозларини сотиб олиш учун 6 та ҳолатда 2,7 миллиард сўм;
  • ўтказилмаган ўқув машғулот йиғинлари учун 5 та ҳолатда 1,4 миллиард сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.
Спортни ривожлантириш вазирлиги ва тизим идоралари мутасаддилари, шунингдек, Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Ш.Назаров иштирокида тизимда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Аввалроқ Қашқадарёда банк ходимлари 150 нафар фуқаронинг пенсия ва нафақа пулларини талон-торож қилгани, Тошкентда суғурта полисларидан тушган 725 млн сўмни ўзлаштирган суғурта компанияси собиқ директори ва агенти ушлангани, Тошкентда 32 та уй-жой ширкати жами 3,5 млрд сўмни мақсадсиз сарфлаган ёки талон-торож қилгани тўғрисида хабар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар