Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг партияси мамлакатдаги сайловларда қаторасига тўртинчи марта ғалаба қозонди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Орбан бошчилигидаги «Фидес-фуқаролик иттифоқи» блоки парламентдаги ўринларнинг учдан икки қисмини эгаллайди.
Орбан блокининг асосий рақиби «Венгрия ҳамма учун» иттифоқи эди. Унинг етакчиси Питер Марки-Зай «Фидес»нинг ғалабасини тан олди, бироқ ҳукмрон партиянинг оммавий ахборот воситаларида устунлиги ва «яхши ёғланган ташвиқот машинаси» туфайли сайловларни нодемократик деб ҳисоблашини айтди.
Сайловдан аввал Виктор Орбан Будапешт ва Москва ўртасидаги сўнгги йилларда ривожланган яқин алоқалар учун танқид қилинган. Орбан Европа Иттифоқининг Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши жорий қилган санкцияларидан норозилигини, бироқ уларга вето қўймаганини айтган.