Европа Иттифоқи «Россия қуролли кучлари томонидан Украинанинг қатор шаҳарларида содир этилган ваҳшийликларни кескин қоралашини»ни маълум қилди. Бу ҳақда Европа кенгашининг сайтида эълон қилинган баёнотда сўз боради.
«Кўп сонли тинч аҳолининг ўлими ва яраланиши, шунингдек, фуқаролик инфратузилмаси вайрон бўлганига оид далиллар Россия томонидан Украина ва унинг халқига қарши олиб бораётган шафқатсиз босқинчилик урушининг ҳақиқий қиёфасини кўрсатади. Буча шаҳрида ҳамда Украинанинг бошқа шаҳарларидаги оммавий қотилликлар Европа ерларида амалга оширилган ваҳшийликлар рўйхатига киритилади», — дейилади баёнотда.
Европа кенгашининг ҳисоблашича, Россия ҳукумати «ушбу ҳудудни назоратда ушлаган вақтида амалга оширилган қирғинлар учун жавобгар». Европа Иттифоқидагиларнинг қўшимча қилишича, ҳарбий ва бошқа жиноятларда айбдорлар, шунингдек, ҳукумат амалдорлари ва ҳарбий бошлиқлар «жавобгарликка тортилади».
Баёнот муаллифлари ҳарбий жиноят бўйича Халқаро жиноий суд прокурори олиб бораётган терговни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, ЕИ ҳарбий жиноятлар бўйича маълумотларни тўплашда Украина Бош прокуратураси билан ҳамкорлик олиб боради.
«Ҳозирда бутун дунё учун қайғули бўлган бир вақтда Украина ва Украина халқи билан биргамиз. Европа Иттифоқи Украинани қатъий қўллаб-қувватлайди ва зудлик билан Россияга нисбатан кейинги санкциялар бўйича ишларни тезлаштиради. Президент Путин зудлик билан ва сўзсиз ушбу урушни тўхтатиши керак», — дея таъкидланади хабарда.