Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

АҚШда молиячи, филантроп ва санъат асарларини коллекция қилишга ҳаддан зиёд берилган миллиардер Майкл Стайнхардт дунёнинг турли бурчакларидан ўғирланган буюмларни сотиб олгани юзасидан олиб борилаётган ишда тергов билан келишди. Бу ҳақда 6 декабрь куни Манҳеттен округи прокурори кичик Сайрус Венс маълум қилди, деб ёзмоқда Meduza.

Майкл Стайнхардт

Майкл Стайнхардт
Фото: Reuters

Келишувга кўра Стайнхардтдан умумий қиймати 70 миллион долларлик 180 та қадимий буюмлар мусодара этилган ва унинг ўзига умрининг охиригача тарихий буюм ҳамда санъат асарларини сотиб олиш тақиқланган (прокурор мазкур жазони мисли кўрилмаган ҳаракат деб атаган). Шу тариқа коллекционерга нисбатан бошқа ҳеч қандай жазо чораси кўрилмади.

81 ёшли Стайнхардт Steinhardt Partners хедж-фонди орқали бойиб кетган. У ушбу фондни 1960 йилларда ишга туширганди. Қарийб 30 йил давомида одамлар ушбу жамғармага пул тиккан ва маблағдан йилига ўртача 25 фоиз даромад олган. Стайнхардт эса Уолл-стритдаги энг яхши трейдерга айланган, деб ёзганди Forbes бир неча йил аввал. Айни вақтда журнал Стайнхардтнинг бойлигини 1,2 миллиард долларга баҳоламоқда.

Шунингдек, молиячи Стайнхардт хайриялар қилувчи тадбиркор ҳамда санъат асарлари коллекционери сифатида ҳам машҳур. Унинг коллекциясида Пабло Пикассо, Жексон Поллок, Пол Сезан каби таниқли рассомларнинг асарлари мавжуд. Стайнхардт сотиб олган асарларининг айримларини музейларга ижарага ҳам берган. Нью-Йоркдаги Метрополитен музейи галереяларидан бирига унинг номи билан аталади. Шунингдек, у Бруклин ботаника боғи (боғда унинг шарафига оренжереяга шундай ном беришган), Нью-Йорк университети (Маданият, таълим ва инсон тараққиёти мактабига унинг номи берилган) ва Европа хайрия ташкилотларига ҳам ҳомийлик қилган.

Стайнхардтга нисбатан ўғирланган қимматбаҳо буюмларни сотиб олгани юзасидан тергов 2017 йилда бошланган. Манҳеттен округи прокурорининг офиси миллиардернинг Метрополитен музейига буқа боши шаклидаги ҳайкални ижарага бергани, ушбу асарнинг 1970–1980 йилларда Ливандаги фуқаролар уруши вақтида ўғирланганини аниқлаган. Шу билан бирга суриштирувларда Стайнхардтнинг уйи ва офисида бошқа қачонлардир ўғирланган санъат асарлари ҳам борлиги маълум бўлган.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, миллиардерга нисбатан тергов иши халқаро даражага чиқди — терговга санъат асарларининг ўғирланишидан жабрланган яна 11 та хориж мамлакатларининг ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари аралашди. Тергов давомида мингдан зиёд тарихий ашёлар текширилди, молиячи уларни 1980 йиллар охирида сотиб олган. Якунда буюмларнинг 180 таси ўғирланган бўлиб чиқди. Санъат асарлари мамлакатлардаги сиёсий жараёнлар, оммавий тартибсизликлар вақтида ўғирланган.

Округ прокурори кичик Сайрус Венс Стайнхардтнинг ўғирланган тарихий буюмларга жуда қизиққани ва оқибатда ўз ҳаракатларининг қонуний ёки аксинча қонунларга зид эканига эътибор қаратмаганини қайд этган. Шунингдек, коллекционер асарларни сотиб олиш ва сотишда иштирок этган вақтида бутун дунёга келтираётган маданий зарари ҳақида билмаган. Венснинг қўшимча қилишича Стайнхардт билан келишув сабаб асарларнинг қонуний эгалари коллекционернинг ишини судга оширилмагани туфайли ўз буюмларини тезроқ қайтариб олиши мумкин.

Стайнхардтдан мусодара қилинган қимматликлар орасида эрамиздан аввалги 400 йилда ясалган буғу шоҳи шаклидаги қадаҳ мавжуд ва у бозорда Туркиянинг Милас шаҳридаги ўғирликдан кейин тегишли ҳужжатларсиз сотувга қўйилган. Стайнхардт уни 2,6 миллион долларга сотиб олиб, Метрополитен музейига ижарага берган. Айни кунларда кубокнинг нархи 3,5 миллион долларга баҳоланмоқда.

Миллиардер юнон мифологияси қаҳрамони – Гераклнинг чақалоқлик даври тасвирланган яна бир тарихий асар билан ҳам хайрлашди, картинада чақалоқ ўзини ўлдириш учун юборилган илонни қўли билан бўғаётгани тасвирланган. Асар Римдаги қадимги шаҳар Геркуланум биноларидан бирида турган, мазкур ҳудуд Везувий вулқони отилиши оқибатида вайрон бўлган. 1995 йилда суратни ўғирлаб кетишган, кейинчалик Стайнхардт уни 650 минг долларга харид қилган. Ҳозирда картина нархи 1 миллион долларга баҳоланмоқда.

Бундан ташқари коллекционердан қиймати миллион доллар бўлган қадимги юнон тобутининг урнаси, умумий нархи 2 миллионлик уч дона Яқин Шарқда майитларга тақилган ниқоблар ҳамда Ироқдаги Нимруд шаҳридан топиб келтирилган қадаҳ ҳам мусодара қилинган. 2020 йилда Стайнхардт қадаҳни 150 минг доллар эвазига Святослав Конкин исмли шахсдан сотиб олган, дейилади Манхэттен прокурори офисининг ахборотида.

Стайнхардтнинг адвокатлари келишувдан кейин уларнинг мижози терговнинг миллиардерга нисбатан айбловлар эълон қилмаганидан хурсандлигини айтган. Улар ноқонуний тарзда сотиб олинган тарихий буюмларнинг ўз эгаларига қайтарилишини ваъда берган. Адвокатларнинг қўшимча қилишича, Стайнхардт ноёб буюмларни сотганлар уларнинг қонуний эгалари эканини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган. Аммо Манҳеттен округи прокурорининг офиси Стайнхардтнинг тарихий буюмларнинг сотилиши ноқонуний йўл билан амалга ошираётганини аввалбошдан билганини таъкидламоқда.

Бу Стайнхартга нисбатан унинг коллекцияси юзасидан билдирилаётган эътирозларнинг биринчиси эмас. ХХ асрнинг 90 йилларида молиячи бундан икки минг йил аввал Италия ҳудудида ясалган олтин идишни 1 миллион доллар эвазига ноқонуний йўллар билан сотиб олганликда айлашган. Бундан ташқари Стайнхардтга нисбатан бошқа айбловлар ҳам мавжуд: 2019 йилда етти нафар аёл уни молиявий ва хизмат ваколатидан фойдаланган ҳолда уалрга нисбатан шилқимлик қилганликда айблаган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар