Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Полифенолли антиоксидантларнинг кони ҳисобланган лимоннинг истеъмоли организмга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида Marie Claire нашри маълумот беради.

Фото: Marie Claire

Фото: Marie Claire

Сув балансини меъёрлаштиради

Киши ўзини яхши ҳис қилиши ва соғлом бўлиши учун сув ичишни канда қилмаслик муҳим. Бу метаболизмни яхшилаб, организмдан токсинларни чиқаришга ҳисса қўшади. Кун давомида одам ўртача 2,7-3,7 литр сув ичиши керак. Аммо ҳамма ҳам сувнинг ўзини истеъмол қила олмаслиги мумкин. Таъми яхшилангани сабаб унга лимон қўшиб истеъмол қилиш тавсия қилинади.

C витамини билан таъминлайди

Саломатлик учун муҳим бўлган антиоксидант — C витаминини организм ўзи мустақил равишда ишлаб чиқара олмагани сабаб уни фақатгина маҳсулотлар таркибида қабул қилиш мумкин. C витаминини етарли миқдорда қабул қилиш юрак-қон томир касалликлари, инсульт ва гипертония хавфини камайтиради. C витаминининг кони ҳисобланган лимон истеъмоли соғлиққа ижобий таъсир қилади. Унда ушбу фойдали модданинг кунлик меъёрининг 90 фоизи мужассам.

Тери таранг ва ёш кўринади

Тери гўзал ва ёш кўриниши учун сув ичишни канда қилмаслик керак. Лимондаги C витамини ажинларни камайтириб, коллаген ва эластин ишлаб чиқарилишини жадаллаштиради. Шу сабаб ҳам лимонли сув ёшлик ва гўзалликни сақлашда энг яхши восита ҳисобланади.

Моддалар алмашинувини жадаллаштиради

Ҳазм тизими фаолиятини яхшилагани сабаб тонгда ичилган лимонли сув яхши самара беради. Лимон қўшилган илиқ сув метаболизмни чиндан ҳам жадаллаштиради.

Ёмон ҳидни бартараф қилади

Ёқимсиз ҳидларни бартараф қилгани сабаб ҳам лимон шарбатидан тозалаш воситаларини тайёрлашда фойдаланилади. Оғиздан ёмон ҳид анқийдиган бўлса, лимонли сув ичиш тавсия қилинади.

Буйракда тош пайдо бўлиш эҳтимоли камаяди

Кальций буйракларда тош чўкиндисини ҳосил қилгани сабаб, мутахассислар ушбу хавфни камайтириш учун лимон кислотаси муҳимлигини таъкидлайди. Етарли миқдордаги сув буйракларнинг соғлом бўлиши учун ҳам зарур. Сув ва лимон умумлашмаси эса буйрак касаллигига мойиллиги борлар учун айни муддао ҳисобланади.

Кайфиятни кўтаради

Тадқиқотларда лимоннинг ҳиди стресс гормони кортизол миқдорини камайтириб, кайфиятни кўтариши аниқланган. Витамин ва калийнинг кони ҳисобланган лимон нафақат жисмоний, балки руҳий ҳолат учун ҳам фойдали ҳисобланади. Ундаги калий артериал қон босимни назорат қилади. Лимонли сув тинчлантириш хусусиятига эга экани билан ўзига хосдир.

Ички pH (кислота-ишқорли) муҳитни меъёрлаштиради

pH — ички организмнинг қанчалик соғлом эканидан дарак берувчи кўрсаткич ҳисобланади. Саратон сингари касалликлар кислотали муҳитни афзал билгани сабаб баланснинг ишқорли бўлгани яхшироқ. Муҳит қанчалик кислотали бўлса, қариш ва тез-тез касал бўлишга олиб келади. pH балансда бўлиши учун лимон ва унинг шарбатини истеъмол қилиш яхши фойда беради. Нордон эканига қарамай, лимон кислотаси организмга кирганда метаболизм (ҳужайраларда содир бўладиган ферментатив реакциялар) кузатилади ва натижада ишқорий таъсир кўрсатади. Сув инсон саломатлиги ва умрининг узоқ бўлиши учун муҳим саналади, лимон эса бир қатор озуқавий моддаларнинг манбаи ҳисобланади. Уларнинг умумлашмаси эса соғлик учун кони фойда. Уни нафақат тонгда, балки кун давомида канда қилмаслик тавсия этилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар