Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер парламент сайловлари якуни бўйича янги ҳукумат тузилгунга қадар, мамлакат Конституциясига мувофиқ канцлер Ангела Меркелдан ўз лавозимида қолишини сўради. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизматига таяниб «ТАСС» хабар берди.

Фото: Sputnik

«Ушбу сўров асосий қонуннинг 69-параграф учинчи бандига мувофиқ, бугун (26 октябрь) 20-чақириқ Бундестагнинг таъсис мажлиси бўлиб ўтаётгани муносабати билан берилган», — дейилади хабарда.

Парламентнинг таъсис мажлиси ўтказиладиган кунда канцлер ва вазирларнинг ваколатлари тугайди. Агар бу вақтга келиб янги Вазирлар Маҳкамаси ҳали шаклланмаган бўлса (ҳозир Германияда айнан шундай ҳолат), амалдаги ҳукумат муддатини фақат расмий равишда якунлайди, лекин ҳеч қандай чекловларсиз барча вазифаларни бажаришда давом этади.

Ангела Меркель ва кабинет раҳбарлари Тошкент вақти билан соат 20:00 дан кейин Штайнмайер қўлидан истеъфо тўғрисидаги мактубларни олади.

Бундестагнинг таъсис йиғилишида одатда канцлер ва унинг вазирлари ўтирадиган ўриндиқлар бўш қолмоқда — улар одатда экскурсия гуруҳлари муҳокамаларни кузатиб борадиган юқори қаватдан жой олган.

Ҳукмрон коалиция бўйича музокараларни Германия Социал-демократик партияси, Либерал демократик партия ва «Яшиллар» партияси олиб бормоқда. Германияда янги канцлер декабрь ойида ҳукуматга келиши мумкин. Шунда амалдаги ҳукумат бутунлай истеъфога чиқади.