Нигерия шимолида мотоцикл минган қуролли шахслар Нигер штатидаги масжидга ҳужум қилди. Оқибатда камида 18 киши ҳалок бўлди, деб ёзади Reuters.
Аҳолининг сўзларига кўра, ҳужумчилар эрталаб соат бешларда Маза-Кука қишлоғига етиб келган. Гувоҳларнинг айтишича, жиноятчилар 10 дан ортиқ одамни ўғирлаб кетган. Бундан ташқари, камида 20 киши жароҳатланган.
Сентябрь ойида Нигерия жанубида қуролланган жангарилар магистралда иккита автобусни тўхтатиб, улардаги йўловчиларни ўғирлаб кетгани хабар қилинганди.
Июлда Нигерия ҳукумати мамлакат шимоли-ғарбида аввалроқ жангарилар томонидан қўлга олинган 100 нафар аёл ва болалар озод этилганини эълон қилди. Мамлакатнинг Замфара штатида 8 июнь куни бир гуруҳ аёллар ва болалар гаровга олиниб, ўғирлаб кетилган. Ҳодисада тўрт киши ҳалок бўлган. Полиция маълумотларига кўра, болалар ва аёллар 42 кун давомида асирликда сақланган.
Қуролланган жиноий гуруҳлар Нигериянинг Замфара, Кацина, Кадуна ва Нигер штатларини қамраб олган Ругу ўрмонидаги лагерларда жойлашиб олгани айтилмоқда.
Май охирида Нигер штатида қуролланган жангарилар мактабга ҳужум қилиб, 200 нафар ўқувчини ўғирлаб кетганди.
Изоҳ (0)