Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси, Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова 24 октябрда ўтказиладиган президентлик сайловларида кимга овоз беришини Instagram’даги stories’ида маълум қилди.
Имон «24 октябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловида кимга овоз берасиз?», деган саволга қисқача «ЎзЛиДеП», дея жавоб ёзган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев президентликка номзод этиб кўрсатилган.
Шунингдек, Имон ҳозирда Ўзбекистонда эмаслигини билдирган. У «Қачон Хоразмга келасиз?», деган саволга «Кейинги сафар Ўзбекистонга борганимда», деб жавоб қайтарган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 24 октябрь, якшанба куни президент сайлови бўлиб ўтади. Унда Экологик партиядан Нарзулло Обломуродов, Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова, Либерал-демократик партиядан Шавкат Мирзиёев, «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Алишер Қодиров ва «Адолат» социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов номзод сифатида иштирок этади.
Изоҳ (0)