Грузиянинг учинчи президенти Михаил Саакашвили йигирма кундан буён Рустав қамоғида ўзи эълон қилган очликни давом эттирмоқда ва у охиригача курашишини билдирган. Шунга қарамай мамлакат собиқ раҳбари шифокорлар маслаҳат кенгаши тавсия қилган дориларни ичига рози бўлди. Бу ҳақда мижози билан учрашган адвокат Дмитрий Садзаглишвили маълум қилди ва Саакашвилининг навбатдаги хатини журналистларга топширди, деб ёзмоқда «Коммерсантъ».

Фото: Reuters

«Токи ҳибсда сақланаётган эканман ҳар қандай ҳолатда ҳам очликни тўхтатмайман ва ўлимга тайёрман»,— дейилади Саакашвили мактубида. Бироқ у ишчанлик ва фикрлаш қобилиятини сақлаб қолиш, ҳозирги жараёнларда иштирок этиш, Грузияга фойда келтириш, ҳушидан кетмаслик учун зарур тиббиёт воситаларини қабул қилишга тайёр.

Аввалроқ шифокорлар консилиуми Грузия соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ва қамоқхонадаги тиббиёт ходимлари иштирокида уни кўрикдан ўтказганди. Улар собиқ давлат раҳбарининг анча куч йўқотгани, бироқ унинг соғлиғига хавф соладиган касалликлар йўқлиги ҳақида ташхис қўйган. Консилиум Михаил Саакашвилини шифохонага кўчиришни тавсия этган.

Грузия адлия вазири Рати Брегадзе шифокорлар кенгашига жавобан уларнинг барча тавсияларига қатъий риоя этилишини билдирган. Вазир Михаил Саакашвили шифохонага ўтказилиши, бироқ бу унинг партиядошлари ҳамда тарафдорлари истаганидек фуқаролик муассасаси, шаҳар касалхонаси эмас балки жазони ижро этиш масканидаги тиббиёт бўлими бўлишини тушунтирган.

«Коммерсантъ» қамоқхона амалиёти ва собиқ президент билан боғлиқ вазиятдан хабардор манбаларига асосланиб берган маълумотларга кўра очлик эълон қилган сиёсатчи розилик билдирса, очлик ва ташналикдан кейинги чарчоқни камайтириш, Саакашвилининг аҳволи ёмонлашмаслиги учун унга осма укол воситасида зарур препаратлар юборилиши мумкин.

Вазият кескинлашаётган вақтда Михаил Саакашвили ўзи кутмаган томондан яна бир зарба қабул қилиб олди: Грузия патриархининг ўринбосари Иля Иккинчи, Шио митрополити собиқ президентнинг очлик эълон қилганига муносабат билдириб, ёмонлик кечирилиши эмас, балки зулм учун жазо муқаррарлиги ҳақида гапирди. Шу тариқа Грузия православ черкови раҳбарияти Михаил Саакашвилини ҳимоя қилиш ва унинг ҳаёти учун курашиш ҳақидаги чақириқларга жавоб қайтарди.

Бу собиқ президент тарафдорларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Саакашвилининг адвокати, «Мтавари Архи» (Асосий канал) телеканали раҳбари Ника Гварамия роҳибнинг Москвада таҳсил олгани ва Грузияга қарши сиёсатни ёқлайдиганлардан бири экани ҳақида телекўрсатувда чиқиш қилган.