Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида содир бўлган ЙТҲда 24 ёшли ИИБ ходими вафот этди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Турдиев маълум қилди.

Фото: ЙҲХББ

Қайд этилишича, Қарши туман ИИБ ҲПБ Таҳлил ва мувофиқлаштириш гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Дилшод Тиркашев Аваз ўғли кеча, 1 октябрь куни содир бўлган ЙТҲда олган тан жароҳати сабаб вафот этган.

«Қарши тумани ИИБ ва кенг жамоатчилик марҳумнинг оила аъзоларига ҳамда қариндош-биродарларига чуқур таъзия билдиради», — дейилади Қарши туман ҳокими матбуот котиби Тўлқин Турдиевнинг шахсий Telegram каналида.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ахборот хизматининг маълумот беришича, мазкур ЙТҲ 2021 йилнинг 1 октябрь куни соат 09:40 да содир бўлган.

«Қарши тумани ҳудудидан ўтган 4Р-90 Қарши—Бешкент—Касби—Помуқ автомобиль йўлининг ўнинчи километрида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 2003 йилда туғилган фуқаро Д.Х. бошқарувида бўлган Cobalt ҳамда 1997 йилда туғилган ҳайдовчи Д.Т. бошқарувида бўлган ‘Ваз-2107’ автомобиль иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув натижасида ‘Ваз-2107’ ҳайдовчиси Д.Т. тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган. Шунингдек, ушбу автомобиль йўловчиси 1996 йилда туғилган Ш.Ҳ. тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган», — дейилади расмий ташкилот ахборотида.

Қўшимча қилинишича, мазкур ЙТҲ юзасидан Қарши туман прокуратураси томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.