Сурияда ўн йилдан кўпроқ вақт олдин бошланган фуқаролар уруши оқибатида камида 350 209 киши ҳалок бўлган. Ушбу янгиланган статистика 24 сентябрь куни Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет томонидан тақдим этилди.

Фото: AFP

Бачелетнинг айтишича, гап фақат исми ва ўлим санаси аниқланган, қайси вилоятда вафот этгани маълум бўлган шахслар ҳақида кетмоқда. Қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан анча кўп бўлиши керак, деди БМТ комиссари.

Унинг маълумотларига кўра, 2011 йилнинг мартидан 2021 йил мартигача бўлган даврни ўз ичига олган ушбу статистикага 27 126 бола ва 26 727 аёл киритилган. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти мамлакат шимоли-ғарбидаги Ҳалаб вилоятига тўғри келади. «Бу ўлимларнинг ҳар бири қанчалик адолатсиз ва даҳшатли экани бизни ҳаракатга келтириши шарт», — деди Бачелет.

БМТ Олий комиссарининг ушбу масала бўйича бундан аввалги статистикаси 2014 йилда эълон қилинган. Бошқарма маълумотларни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши номидан тўплайди.

Июнь ойида Сурия Инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши устидан назорат маркази (SOHR) ўз ҳисоб-китобларида 10 йил давомида мамлакатда 494 438 киши ҳалок бўлгани ҳақида эълон қилганди. SOHR баённомасида маълум қилинишича, ҳалок бўлганларнинг 160 минг нафари тинч аҳоли, шу жумладан, 25 минг нафарини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил қилади.

Бундан ташқари, 80 мингга яқин суриялик исёнчилар, 91 минг нафар Сурия армияси ҳарбийси, 40 минг нафар ИШИД ва 28 мингга яқин «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» гуруҳи жангарилари ҳалок бўлган.

СОҲР ҳисоб-китобларига кўра, бу вақт ичида Суриянинг 2,1 миллиондан ортиқ аҳолиси турли даражадаги жароҳатлар олди ёки ногирон бўлиб қолган. Тахминан, 13 миллион аҳоли доимий яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлган.