Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

«Толибон» Афғонистонда ҳокимият тепасига қайтганидан кейин Кобул аэропорти мамлакатни тарк этиш учун ягона йўл бўлиб қолмоқда. «Толибон» ер устидаги чегараларнинг деярли барчасини ёпиб қўйди, аммо чет элликлар ва маҳаллий аҳолининг Кобулдаги Ҳамид Карзай номли аэропорт орқали кетишига халал бермасликка сўз берди. Аммо аэропортдан тижорат авиарейслари 16 август, Кобул «Толибон» томонидан эгалланган куннинг эртасигаёқ учишдан тўхтади. Фақат эвакуация авиарейслари қолиб, улар Ғарб мамлакатларининг ҳарбий авиацияси томонидан амалга оширилмоқда, деб ёзади Meduza.

Кобул аэропортига киришга уринаётган афғонлар ва уларнинг ортида учиб кетаётган ҳарбий самолёт. 2021 йил 23 август

Кобул аэропортига киришга уринаётган афғонлар ва уларнинг ортида учиб кетаётган ҳарбий самолёт. 2021 йил 23 август
Фото: Getty Images

АҚШ ва унинг иттифоқдошлари аэропорт ичида хавфсизликни таъминламоқда. Унга кириш йўлини «Толибон» қўриқламоқда. Аэропортда олти минг нафар Америка ҳарбий хизматчилари ва Европа мамлакатлари аскарлари бор. Улар аэропорт ҳудудини қўриқламоқда ва учиб кетмоқчи бўлган одамларнинг ҳужжатларини текшириб, аэропортга киришни назорат қилмоқда. «Толибон» ўз навбатида аэропортга олиб борадиган йўлларга блокпостлар ўрнатиб олди. Улар, ҳатто, эвакуация ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжати бор одамларни ҳам ўтказмаслиги мумкин.

Аэропортдан Ғарб мамлакатлари фуқаролари ва Ғарбга ёрдам берган афғонлар эвакуация қилинмоқда. Аммо ҳаммани олиб кетиш иложи йўқ. НАТО мамлакатлари ҳукуматлари ушбу мамлакатларнинг элчихоналари, ҳарбий базалари, нотижорат ташкилотларида ишлаган афғонларни бортга олмоқда. Афғонистонда бу одамларнинг барчаси хавф остида: «Толибон» уларни хоин деб ҳисоблаб, уларни қидиришни ва ўлдиришни бошлади. Ўзи ҳамкорлик қилган мамлакатга виза олган одамларда самолётга чиқиб олиш имконияти энг юқори. Муаммо шундаки, сўнгги вақтларгача бундай визалар аста-секинлик билан берилган ва яна шундаки, бундай визани Ғарб билан ҳамкорлик қилган афғонларнинг ҳаммаси олиши даргумон: ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоб-китобларига кўра, биргина АҚШ билан 20 йил давомида камида 300 минг афғонистонлик ҳамкорлик қилган.

Кобул қўлга олинганидан кейин кўплаб афғонлар учиб кетиш умидида аэропортга кўчиб бориб олди. Одамлар самолётларнинг шассиларига осилиб олди ва ҳалок бўлди. 15 август, «Толибон» Кобулга кирган куни Америка ҳарбийлари Кобул аэропортини қўриқлов остига олиб Ғарб дипломатларини эвакуация қила бошлади. Аэропортга кўплаб афғонистонликлар ҳам келди. Юзлаб одамлар учиш-қўниш йўлагига югуриб чиқиб, ерда турган самолётларга ёпирилиб кира бошлади. The New York Times хабарига кўра, Американинг ҳарбий самолётларидан бири учиб чиққанидан кейин шассисини ёпа олмаган; бунга шасси туйнугига кириб олиб, у ерда пачоқланиб кетган «номаълум сондаги афғонлар»нинг жасадлари халал берган. АҚШга етиб келганидан кейин самолёт экипажини руҳшунослар ва роҳиблар кутиб олган.

Самолётларга ҳалигача минглаб одамлар чиқиб олишга уринмоқда. Уларни таёқлар, кўзни ёшлантирувчи газ ва ҳавога ўқ узиш орқали қувиб юборишмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва АҚШ ҳукумати маълумотларига кўра, аэропорт яқинида қарийб 10 минг одам тўпланган. Уларнинг кўпчилиги ҳарбий хизматчилар қўриқлаётган дарвоза олдида йиғилмоқда. Баъзилар у ерда сув ва егулик захираларисиз бир неча кунлаб навбатчилик қилмоқда. Дарвозалардан бирининг атрофидаги вазият кўпроқ қочқинлар лагерини эслатади, деб ёзади Al Jazeera. Дарвозалар олдидаги оломон ичида бир неча марта ур-йиқит кузатилди, ҳарбийлар ва «Толибон» эса оломонни кўзни ёшлантирувчи газ ёрдамида ва ҳавога ўқ узиб тарқатиб юборди. Аэропортга киришга уринаётганларни дубинка ва таёқлар билан калтаклашаётгани юзасидан далиллар бор.

Эвакуация ҳуқуқига эга бўлган одамлар тартибсизлик ва чалкашликдан шикоят қилмоқда. Аэропортга киришда катта оломон тўплангани туфайли Америка ҳукумати Давлат департаментидан махсус билдиришнома келгунича уйда қолишни тавсия қилмоқда. Бироқ уни олганлар ҳам аэропортга кириб ололмаяпти. «Биз аэропортга эрталаб олтида келувдик, кечки олтигача дарвоза очилмади», — дея маълум қилди Давлат департаментининг таклифидан кейин аэропортга хотини ва икки боласи билан етиб келган АҚШ ва Афғонистон фуқароси The Washington Post’га. Аэропортга зарур ҳужжатлар билан етиб келганларнинг баъзилари дарвоза олдидаги оломон орасидан ўтиб кета олмаяпти. Улар бир неча кунлаб у ерда кутиб ўтириши ёки уйига қайтиб кетиши ва кейинги сафар «Толибон» блокпостидан ўтолмаслик хавфини ҳам орттириши керак бўлади.

Бир ҳафта ичида аэропорт яқинида камида 20 киши, шу жумладан, болалар ҳам ҳалок бўлди. Аммо бу ҳисоб-китоб кўп марта камайтирилган бўлиши мумкин. Ҳалок бўлганларнинг баъзилари самолётларга ҳужумлар қурбонлари бўлди, айримлари ўқотар қуролдан яраланиб ўлди, бошқалари ур-йиқитда нобуд бўлди. Америка қўшинларининг собиқ таржимони (аёл киши) қизи билан тиқилинч орасида қолиб кетгани, боласи ҳалок бўлгани ҳақида The New York Times’га гапириб берди. Бундан ташқари, аэропорт атрофига тўпланган баъзи одамлар ўз фарзандларини тўсиқ орасидан Ғарб ҳарбийларига узатган. Бундай ҳолатлардан бири видеотасвирга тушиб қолиб, интернет орқали кенг тарқалиб кетди, унда тўсиқда турган америкалик аскар янги туғилган қизчани қўлига олаётгани акс этган. АҚШ ҳукумати маълум қилишича, қизчани шифокорлар кўрикдан ўтказган, шундан кейин уни аэропортда турган отасига беришган.

Видеодан кадр: The New York Times

Ўзига тўқ афғонлар ўзлари самолёт ёллаб, учиб кетишга муваффақ бўлмоқда. Украинанинг ҳарбий борти билан ҳам шундай воқеа юз берди. Украина Ташқи ишлар вазирлиги дастлаб самолёт олиб қочилгани ҳақида маълум қилди, аммо кейинроқ бу ахборотни рад этди. «Strana.ua» маълумотларига кўра, самолёт «бадавлат шиа ҳазоралар томонидан ёлланган, уларга Эронга парвоз учун валюта, олтин ва қимматбаҳо тошлар билан тўлаган. Бундан ташқари, Афғонистондан очқаётганларга жамоат ташкилотлари ва хусусий хайриячилар ҳам ёрдам бериб, улар учун Европага рейслардан жой сотиб олмоқда. Шундай жойнинг биттаси 10 минг доллар атрофида бўлиши мумкин, деб ёзганди The Atlantic.

14 августдан буён АҚШ Афғонистондан 28 минг кишини олиб кетди. Жо Байден эвакуация муддати узайтирилиши мумкинлигини айтмоқда, аммо «Толибон» бунга қарши. Дастлаб Ғарб мамлакатлари фуқаролари ва Ғарб билан ҳамкорлик қилган афғонларни эвакуация қилиш 31 август куни якунланиши тахмин қилинган эди. АҚШ ҳар куни режалаштирилганидан камроқ одамларни олиб кетяпти, ҳаттоки эвакуацияга фуқаролик авиацияси самолётлари ҳам жалб қилинди: улар Кобулдан ҳарбий самолётларда яқин атрофдаги мамлакатларга етказилаётган одамларни олиб кетиши керак. Бу орада АҚШ президенти Жо Байден агар АҚШнинг барча фуқароларини олиб кетишга улгуришмаса, Америка ҳарбийлари Афғонистонда 31 августдан кейин ҳам қолиши мумкинлигини айтди. «Толибон» Афғонистонни тарк этиш муддати кечиктирилса, НАТО мамлакатларини «жиддий оқибатлар» кутишини маълум қилди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар