«Толибон» Афғонистон фуқароларини Кобул аэропортига киритмай қўйди, энди аэропортга фақат чет элликлар кириши мумкин. Бу ҳақда 24 август куни «Толибон» матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид маълум қилди.
Унга кўра, «Толибон» Афғонистон фуқароларининг пойтахт аэропортига боришига ортиқ рухсат бермайди, бунга аэропортдаги тартибсиз вазият сабаб бўлмоқда. Мужоҳиднинг айтишича, аэропорт ҳудудида тўпланган афғонлар уйларига қайтиши керак, уларга ҳеч ким таҳдид қилмайди.
Сўнгги кунларда хорижий ҳарбийлар аэропортнинг муҳофазадаги ҳудудига киришни қаттиқ фильтрлай бошлагач, Кобул аэропортининг шимолий томонида «Толибон» ҳокимиятга келгани сабабли ўз мамлакатини тезроқ тарк этишни истаган афғонларнинг тартибсиз лагери пайдо бўлди. Лагер бир неча километрга чўзилган.
Журналистлар билан суҳбат чоғида Мужоҳиднинг айтишича, «Толибон» АҚШдан афғонларни ўз мамлакатини тарк этишга ундамасликни сўрамоқда, чунки ҳаракат «уларнинг истеъдодларига муҳтож».
Шунингдек, «Толибон» хорижий қўшинларни Афғонистондан олиб чиқиш 31 августда тўлиқ якунланиши керак, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, 31 августдан кейин «Толибон» Афғонистон фуқароларини Кобул аэропорти орқали эвакуация қилишга рухсат бермайди.
Ҳозирда бир неча минг хорижлик ҳарбийлар Кобул аэропорти орқали биринчи навбатда америкаликларни, сўнг чет элликлар ва афғонларни эвакуация қилишни таъминламоқда. Ташқи назоратни мустаҳкамлашда уларга «Толибон» жангарилари ёрдам бермоқда.
Изоҳ (0)