Жазоир Марокаш билан дипломатик алоқаларни узмоқда. Бу ҳақда Жазоир ташқи ишлар вазири Рамтан Ламамрага таяниб, Algeria Press Service хабар берди.
«Жазоир бугундан бошлаб Марокаш билан дипломатик алоқаларни узишга қарор қилди», — деди Ламамра.
Вазир Марокашни «Исроил технологиясидан фойдаланган ҳолда Жазоир фуқаролари ва амалдорларига қарши содир этилган оммавий ва тизимли жосусликда» айблади. Гап Исроилнинг NSO Group фирмаси томонидан ишлаб чиқилган Pegasus дастурини қўллаш ҳақида кетмоқда.
18 август куни Жазоир президенти Абдулмажид Теббун Миллий Хавфсизлик Кенгашининг йиғилишини чақирган ва Марокаш билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини маълум қилган. У Работни Жазоирга қарши «душманлик ҳаракатларида» айблади.
Унинг фикрича, олдинроқ бутун мамлакат бўйлаб тарқалган ўрмон ёнғинларининг ташаббускорлари МАК — Жазоир шимолида яшовчи Кабил халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳаракати аъзолари бўлган. Расмийларнинг фикрича, ҳаракат Марокашдан пул олади.
Айғоқчилик дастури икки мамлакат муносабатларидаги яна бир муаммоли томонга айланди. 2020 йилнинг апрель ойида Facebook NSO Group’ни турли мамлакатлардаги WhatsApp фойдаланувчиларини кузатадиган технологиялар яратиш ва сотишда айблаганди. Даъвогарнинг таъкидлашича, технологиялардан турли мамлакатларда, жумладан, мухолиф фикрли фуқароларни: журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва бошқаларни аниқлашда фойдаланилган.
2021 йилнинг июль ойида Жазоир ҳукумати ушбу дастурий таъминотни ўз фуқароларига нисбатан ишлатилиши бўйича тергов бошлади. Ҳукумат фикрича, жазоирликлар Марокаш ҳукумати томонидан кузатилган.
Аввалроқ журналистлар турли мамлакатлар ҳукумати Pegasus’дан сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни оммавий кузатиш учун фойдаланганини аниқлади.
The Washington Post хабарига кўра, Pegasus орқали кузатиш нишонлари орасида 14 та давлат раҳбари бўлган. Улар орасида Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам бор. Шунингдек, Telegram асосчиси Павел Дуров ҳам Pegasus орқали кузатилган бўлиши мумкин.
Pegasus — бу зарарли дастур бўлиб, у iOS ёки Android қурилмаларига кириб боради ва фойдаланувчига билдирмасдан хабарлар, фотосуратлар, жойлашув маълумотларига кириш, камера ва микрофонни фаоллаштиришга имкон беради.
Изоҳ (0)