АҚШда шу йилнинг январь ойида Капитолийда содир этилган тартибсизликларни бостиришда қатнашган Вашингтон полицияси офицери Гунтер Хашида ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда Вашингтон полиция бошқармасига таяниб, CNN хабар берди.

Фото: Global Look Press

Хашида 29 июль куни ўз уйида ўлик ҳолда топилган. Бундан аввалроқ 10 июль куни Вашингтон полициясининг яна бир ходими Кайл Дефрайтаг вафот этганди. Унинг оиласи ўлимга ўз жонига қасд қилиш сабаб бўлганини тасдиқлаган.

Капитолийдаги тартибсизликлар гувоҳи бўлган яна икки полиция офицери Жеффри Смит ва Говард Либенгуд январда ўз жонига қасд қилганди.

Капитолийга ҳужум ҳақидаги иш бўйича 500 дан ортиқ америкаликка айблов эълон қилинган. Июль ойининг охирида ушбу иш бўйича биринчи марта қамоқ жазоси тайинланди — 38 ёшли Пол Хожкинс саккиз ойлик қамоққа ҳукм қилинди.

Капитолийдаги тартибсизликларни бостиришга Капитолий полиция кучлари ва Вашингтон шаҳар полиция департаментининг камида 850 ходими жалб қилинган. Уларнинг 140 га яқини жароҳатланган. Июль ойи охирида бир нечта полиция ходими Капитолийга уюштирилган ҳужум бўйича Конгрессда гувоҳлик берди.

Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни АҚШ Конгресси аъзолари Дональд Трампнинг президентлик сайловларида мағлуб бўлганини тасдиқлаш учун йиғилган вақтда Трампнинг тарафдорлари Конгрессга бостириб кирган. Полиция бир неча соат ўтибгина намойишчиларни Капитолийдан ҳайдаб чиқаришга муваффақ бўлган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўқотар қурол, дубинка, кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган. Капитолийнинг хавфсизлик ходими билан биргаликда, беш киши ҳалок бўлган. Тартибсизликдан кейин федерал қидирув бўлими намойиш иштирокчиларига қарши 160 дан ортиқ иш очган.

АҚШ ҳукуматининг хабар беришича, Капитолийга қилинган ҳужум натижасида тарихий аҳамиятга эга санъат асарлари ва мебеллар зарар кўрган. Аввалроқ Капитолийни таъмирлаш учун 30 миллион доллар талаб этилиши маълум бўлганди.