Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) коронавирус пандемиясидан кейин жаҳон иқтисодиётини тиклаш учун 650 миллиард доллар ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилган.
«2 август куни ХВЖ бошқарувчилар кенгаши дунёнинг ликвидлик ресурсларини кўпайтириш учун умумий 650 миллиард долларга тенг бўлган SDR (special drawing rights — махсус ўзлаштириш ҳуқуқлари) ажратилишини маъқуллади», — дейилади хабарда.
ХВЖнинг бошқарувчи директори Кристалина Георгиева SDR’нинг жорий тақсимотини ХВЖ тарихидаги энг йирик деб атади.
SDR’ларни тақсимлаш тўғрисидаги қарор 23 августдан кучга киради. ХВЖга аъзо давлатлар ўз квоталарига мутаносиб равишда қарз олиш учун ариза бериши мумкин бўлади. Шу билан бирга, ривожланаётган мамлакатлар учун қарийб 275 миллиард доллар ажратилган.
«Пандемиядан сўнг қайта тикланиш, барқарор ва бир текис ўсишга эришиш учун аъзо давлатлар билан биргаликда SDR’ни бойроқ мамлакатлардан камбағалроқ ва ҳимоясизроқ давлатларга ўтказишнинг мақбул усулларини топиш устида иш олиб бормоқдамиз», — дейилади ХВЖ веб-сайтида.
ХВЖ жаҳон иқтисодиёти 2021 йилда 6 фоизга, 2022 йилда эса 4,9 фоизга ўсишини кутмоқда.
Изоҳ (0)